Таълим ташкилотларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қандай бормоқда?

Таълим ташкилотларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қандай бормоқда?

Бугун Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида ўтказилган тадбирда тизимдаги таълим ташкилотларини 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида жамоатчилик вакилларига ахборот бериб ўтилди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи Ш.Долимов томонидан берилган ахборотда келтирилишича, ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу объектларга иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги ПҚ-118-сонли Қарори асосида, вилоятдаги 19 та туман ва шаҳарларнинг 17 тасидаги 912 та умумтаълим мактаблари ва 806 та мактабгача таълим ташкилотларининг иссиқлик тизимларини бошқариш давлат-хусусий шериклик асосидаги битимлар билан тадбиркорлик субъектларига ўтказиб берилган.

Ҳозирда ушбу ҳудудларда мавжуд иситиш тизимларининг жорий ҳолатидан келиб чиқиб, тизимларни кўмир ёқилғисига ўтказиш орқали куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш ҳамда муассасаларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаш ва белгиланган меъёрларда ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, вилоятда бугунги кун ҳолатига иситиш қозонларини ўрнатиш бўйича ишлар 89 фоизга радиаторлар ўрнатиш ишлари 90 фоизга электр билан таъминлаш ускуналари (движоклар) етказиб бериш 91 фоизга бажарилган ва 1092 та объектлардаги 288 968 метр иситиш қувурлари янгиланиб, бу борадаги ишлар режага нисбатан 92 фоизни ташкил қилмоқда.

Вилоятнинг қолган 2 та ҳудуди: Фарғона шаҳри ҳамда Сўх туманидаги таълим муассасалари иссиқлик тизимларини бошқариш ишини тадбиркорлик субъектларига ўтказиб бериш ишлари эса келгуси йилга режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда Фарғона шаҳри таълим ташкилотлари учун куз-қиш мавсуми учун зарур бўлган 987 тонна, Сўх тумани бўйича эса 2708 тонна кўмир ёқилғиси тўлиқ жамғарилган.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Суратларни ЎзА фотомухбири Муқимжон Қодиров олган

Post Comment