Нуқсонли чиққан шиферларнинг пули истеъмолчига тўлиқ қайтарилди
Бувайда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Узумзор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи У.Х.нинг томга ёпиш учун харид қилинган шиферларнинг нуқсонли чиққанлиги ва бу борада сотувчига билдирган эътирозларидан натижа бўлмаётганлиги хусусидаги оғзаки мурожаати ўрганилди.
– Мен яхши ниятда янги уй қуриб, том қисмини битказиш пайтида маҳалладаги савдо дўконидан сотиб олиб томга ўрнатган шиферлар орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ўз-ўзидан ёрилиб кетди. Ўз кучим билан муаммони ҳал қила олмадим, Шу масалани ўрганиб амалий ёрдам кўрсатсаларинг, – дейди фуқаро туман жамияти масъул ходими билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, яшаш ҳудудларидаги савдо дўконидан 44 дона шиферни ҳар бир донасини 51 000 сўмдан, жами 2 244 000 сўмга харид қилган. Сентябр ойи бошларида янги уйнинг томига ўрнатилган шиферлар орадан 15 кун ўтиб ёрилиб кетган. Бу борада сотувчига қилган эътироз ва қонуний талабларидан эса натижа бўлмаган.
Мурожаатни ўрганиш давомида савдо дўкони сотувчиси билан учрашиб, унга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Юзага келган ҳолатда истеъмолчининг қонуний талаби ва мазкур талабни эътиборсиз қолдиришнинг ҳуқуқий оқибатлари бўйича берилган тушунтиришлар кор қилиб, истеъмолчига нуқсонли чиққан товарнинг пулини тўлиқ қайтарилишига эришилди.
Асроржон Йигиталиев,
туман жамияти раиси.
Post Comment