Кафолат муддати ичида нуқсон аниқланган кир ювиш машинаси алмаштирилди
Ҳар биримиз истеъмолчи эканмиз, кундалик турмуш жараёнида бизга нуқсонли товар сотилиши ёки сифатсиз хизмат кўрсатилиши билан боғлиқ ҳолатларга дуч келмаслик ҳеч биримизга кафолатланмаган. Бундай ҳолатга дуч келинганда эса истеъмолчи ўз хоҳишига кўра товарни шундай маркали товарга алмаштириб олиш ёки бўлмаса товарни бошқа маркали (моделли) товарга алмаштириб нархини қайта-ҳисоб-китоб қилинишини талаб қилиши мумкин. Бундан ташқари, у товардаги нуқсонлар бепул бартараф этилишини ёки уни ўзи ёки учинчи шахс томонидан бартараф қилиниши билан боғлиқ ҳаражатларни қопланишини талаб қилиши, нарх нуқсонларга мутаносиб миқдорда камайтирилиши ёки шартномани бекор қилиб кўрилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳам ҳақли.
Мазкур ҳуқуқларни тўлақонли амалга ошириш учун нуқсонлар товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида аниқланган бўлиши лозим. Шундай вазиятга дуч келган Тошлоқ туман “Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи С. Д. туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишига тўғри келди. Сабаби у жорий йил 20 август куни Марғилон шаҳрида фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор А.А.га қарашли савдо дўконидан уч йиллик кафолат муддатига эга бўлган “HOFFMANN” русумли автомат кир ювиш машинасини 5 100 000 сўмга харид қилган. Аммо уйга олиб келиниб ўрнатилган кир ювиш машинаси носоз бўлиб чиққан. Шундан сўнг истеъмолчи савдо дўконига мурожаат қилганида, сервис маркази мутахассислари томонидан кир ювиш машинасини кўздан кечирилиб, маиший техниканинг мотор қисмида носозлик мавжудлиги аниқланган ҳамда бепул таъмирлаш ишларини олиб бориш учун олиб қолинган. Лекин таъмирлаш ишлари шу кунга қадар ҳам охирига етказилмасдан келган.
Туман жамияти мутахассислари масалага ойдинлик киритиш мақсадида савдо дўкони масъуллари билан учрашиб, юзага келган ҳолатда истеъмолчининг ҳуқуқлари, сотувчининг мажбуриятлари тўғрисида берган тушунтиришлари ва олиб борилган музокаралар якуни билан истеъмолчининг нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштириш тўғрисидаги талаби қондирилишига эришилди.
Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти бош мутахассиси.
Post Comment