Нуқсонли товар сотувчига қайтарилди
Марғилон шаҳар “Тошлоқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Х. Р.нинг “Қумтепа” бозоридан сотиб олган совутгичда нуқсон аниқлангани, сотувчи ва сервис маркази томонидан истеъмолчига амалий ёрдам берилмаётганидан норози бўлиб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининиг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати тегишлилиги бўйича ўрганиб чиқилди.
Истеъмолчи ўз мурожаатида бозордаги дўконларнинг бирида савдо фаолиятини олиб бораётган С.С. дан Artel маркасидаги совутгични 3 500 000 сўмга харид қилганини, уни хонадонга келтириб фойдаланиши жараёнида совутгичнинг пастки катта камераси меъёрида ишламаётганини аниқлаб, бу ҳақда сервис маркази ходимларига мурожаат қилганини, хонадонига ташриф буюрган марказ устаси совутгичда носозлик йўқлигини айтганлигини, у ушбу жавобдан қониқмаган ҳолда сотувчига мурожаат қилганида эса совутгични иссиқроқ хонага олиб кириб ишлатиб кўриш тавсия қилинганини маълум қилади. Истеъмолчи ушбу тавсияниям бажариб кўргандан сўнг ўзгариш сезмагач сотувчига шартнома бекор қилиб, нуқсонли товарни қайтариш талабини қўйган, талаби бажарилмагач Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан сотувчи истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаган бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилиб етказилган зиён ва маънавий зарарни қоплаб берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги юзасидан тушунтиришлар берилгач, нуқсонли товарни сотувчига қайтарилишига эришилди.
Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment