Ҳисоблагич рўйхатдан ўтказилиб, асоссиз қарздорлик бартараф қилинди
Тошлоқ туман “Ҳамрак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Р. Й.нинг ичимлик суви таъминоти корхонаси хизматларидан норози бўлиб қилган ёзма мурожаати туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилди.
Мурожаатда ичимлик суви таъминоти корхонаси ходими томонидан мурожаат эгаси ҳамда унинг қўшниси Х. Й. лардан сув ҳисоблагич ўрнатиб бериш ва ҳужжатлаштириш учун 600 минг сўмдан пул маблағларини олганлиги, шунингдек улар ҳисоблагич ўрнатилган кунга қадар бўлган 200 минг сўмдан қарздорликни ҳам тўлаганликлари, лекин ишлар шу кунга қадар тўлиқ ниҳоясига етказилмаганлиги, сабаби корхона уларга ичимлик суви тўловлари бўйича қарздорликлари мавжудлигини маълум қилиб, тўлаб қўйилиши сўралаётганлиги келтириб ўтилади.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида туман жамияти томонидан “Фарғона сув таъминоти” АЖ туман филиалига мазкур масалада сўров хати киритилди. Филиал жавоб хатида фуқаро Р.Й. сув ҳисоблагични рўйхатдан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказига белгиланган тартибда ариза бермаганлиги сабабли нореал қарздорлик юзага келганлиги, қарздорлик хонадондаги истеъмол кўрсаткичлари Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарори билан тасдиқланган Қоидаларнинг (2-илова) 87-а-банди бўйича норматив (одам сонига) ҳисоб-китоб қилиб келинганлиги оқибатида юзага келганлигини баён қилиб, ўрганиш давомида фуқаронинг ҳисоблагичи рўйхатдан ўтказиб берилганлигини ва нореал қарздорлик бартараф қилинганлигини маълум қилди.
Шу ўринда маълумот учун “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари”нинг 87-банди а-кичик банд қисмини келтириб ўтамиз:
87. Сувни ҳисобга олиш асбоби билан таъминланмаган истеъмолчилар томонидан сарфланган ичимлик сув миқдори суткасига қуйидагича ҳисобланади:
а) I гуруҳ истеъмолчилари учун:
кўчадаги умумий фойдаланадиган ичимлик суви колонкасидан ташиб ичувчилар учун киши бошига — 50 литр;
марказлашган ичимлик сув тармоғига уланган, сув бериш жадвали асосида сув бериладиган хонадонлар учун киши бошига — 200 литр;
марказлашган ичимлик сув тармоғига уланган хонадонлар учун киши бошига — 350 литр;
сув сепиш ва суғориш майдонининг ҳар 1 метр квадрати учун 15 литр (сув сепиш ва суғориш даври 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврни ўз ичига олади);
ҳовуз (бассейн), микроиқлим ёки фаввора мавжуд бўлган ҳолларда ичимлик сув истеъмоли ҳажми асосий ичимлик сув тармоғи уланмасининг сув ўтказиш қувватидан келиб чиқиб, ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича амалга оширилади.
Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment