Шартнома товар вақтида етказиб берилмагани важидан бекор қилинди

Шартнома товар вақтида етказиб берилмагани важидан бекор қилинди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Қиргули” маҳалла фуқарлар йиғини ҳудудида яшовчи М.К.нинг бўлиб тўлаш шартларида харид қилинган товарлардан бири етказиб берилмаётганлиги ҳолати юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи мурожаатида “Ишонч” кредит савдо дўконидан бўлиб тўлаш шартларида сув насоси ва ҳожатхона учун унитаз харид қилганлигини, лекин сотувчи томонидан сув насоси етказиб берилган бўлсада, 1 064 500 сўмга харид қилинган унитазни етказиб бериш ишлари пайсалга солинаётганлигини маълум қилиб, масалани қонуний ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, сотувчи билан олиб борилган музокараларда маълум бўлишича, товарни вақтида етказиб берилмаганлигига уни етказиб беришга тайёрланаётган вақтда нуқсон мавжудлиги (бочогида ёриқ) аниқланиб қолганлиги, ўрнига бошқасини юбориш учун эса сотувда худди шу русумдаги товардан бошқа бўлмаганлиги сабаб қилиб келтирилди. Ўрганишда томонлар ўртасидаги келишувга кўра, шартнома бекор қилиниб, истеъмолчининг муаммоси бартараф этиб берилди.

Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment