Ҳар хил “акция”ларга қизиқиб чув тушиб қолмаслик учун ҳушёрликни унутманг

Ҳар хил “акция”ларга қизиқиб чув тушиб қолмаслик учун ҳушёрликни унутманг

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Қашқар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.А.нинг ўғли Д.А.га иш жойида ўтказилган қандайдир “акция”да унга яхши тушунтирмасдан 2 454 000 сўмга муддатли тўлов шартларида товарлар расмийлаштирилганлиги, ушбу товарларни сотувчига қайтарилиши ва шартнома бекор қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.

Мурожаат эгасига кўра. унинг ўғли Д.А. ишлайдиган ишхонага ташриф буюрган ва ўзини Андижон вилоятидан деб таништирган йигит сотувда мавжуд бўлган товарларини реклама қилиб, муайян товарни муайян суммага сотиб олинганда харидор акция иштирокчисига айланишини ва шу ерни ўзида ўтказиладиган лото ўйинида қўшимча товар ҳам ютиб олишини айтиб, олди-сотди амалиётини амалга оширишга қизиқтирган. Унга қизиқиш билдирган Д.А. 450 000 сўм тўлаб ошхона идиш-товоқларини харид қилиши баробарида лото ўйини воситасида унга “ютуққа” блендер ҳам чиққан. Д.А. харид қилинган идиш-товоқлар ва ютуқни онасига келтириб берган. Лекин орадан маълум вақт ўтиб, унинг банк пластик картасидан тўловлар ечила бошлагандагина улар товарлар муддатли тўлов шартларида расмийлаштирилганлигини билганлар.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчи шартнома асосида фаолият кўрсатаётган ташкилот масъуллари билан боғланилиб, уларга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси, хусусан товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши натижасида истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши ва бунинг ортидан келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар юзасидан тушунтиришлар берилганида, сотувчи томони товарларни қайтиб олиб, пулларни истеъмолчига қайтаришни маъқул кўрди.

Нигора Усмонова,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin