“Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати меҳнат жамоаси иштирокида тарғибот тадбири ташкилланди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, хусусан кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган болаларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Шундай хайрли чора-тадбирлардан бири кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга сифатли таълим ва тарбия беришга мўлжалланган “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари фаолиятини ташкил этиш бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бугун Фарғона шаҳридаги ана шундай таълим масканларидан бирида тарғибот тадбири ташкилланди.
Ушбу таълим масканида Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси ҳамда ҳудудий бирлашма ҳамкорлигида ташкилланган тарғибот тадбирида мактаб-интернатида меҳнат фаолияти олиб бораётган педагог ва техник ходимлар иштирок этдилар. Дастлаб тадбир иштирокчиларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик мазмун-моҳияти, истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек ушбу жараёнда давлат органлари, суд идоралари ва жамоат ташкилотлари ёрдамидан фойдаланиш бўйича йўл-йўриқлар, Федерация ва унинг ҳудудий ташкилотлари фаолияти, Федерацияга аъзоликнинг афзалликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ижтиомий шериклик ва ҳамкорлик алоқаларини олиб бориш ва бунинг натижасида аҳоли вакиллари учун яратиладиган имкониятлар каби масалаларда атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди. Тадбирнинг иккинчи қисмида эса иштирокчиларнинг кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
Тадбир якунларига кўра, мактаб жамоаси ва федерация ўртасида кенг қамровли ижтимоий шерикликни йўлга қўйиш, жамоа аъзоларининг истеъмол соҳасига оид мурожаатларини самарали ҳал қилиш чора-тадбирларини кўриш мақсадида таълим масканида яқиндан ташкил этилган бошланғич ташкилот фаолиятини кенгайтиришга келишиб олинди.
Post Comment