Автомобил учун харид қилинган эҳтиёт қисмлари алмаштирилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг А.Тўқай кўчасида яшовчи Д.Ю.нинг шахсий автомобили учун 2 600 000 сўмга харид қилган эҳтиёт қисмларининг автомашинасига техник жихатдан мос келмагани хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, у шаҳардаги автомобил эҳтиёт қисмларини сотувчи дўкондан баллон ва қуйма диск харид қилган. Харид жараёнида унга эҳтиёт қисмлари автомобили учун мос келиши айтилган бўлсада, улар автомобилга ўрнатилгач, баллон автомобилни қанот қисмига тегиб қолаверган. Харидор ушбу масалада сотувчига мурожаат қилиб, масалани ўз кучи билан ҳал қила олмагач, амалий ёрдам сўраб шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, товар ҳақида истеъмолчига нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши сотиб олинган товардан кўзланган мақсадда фойдалана олмасликка сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилиш, мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса, қонунчиликда назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақлидир.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, сотувчига амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилиши билан, истеъмолчининг автомобилига техник жихатдан мос келмаган эҳтиёт қисмларни сотувчига қайтарилиши ҳамда уларни автомобилга мос келувчи эҳтиёт қисмлар билан алмаштирилишига эришилди.
Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment