Қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмлар қайтарилмайди ва алмаштирилмайди, бироқ …

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмлар қайтарилмайди ва алмаштирилмайди, бироқ …

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи С.Н.нинг ўғли томонидан Фарғона шаҳридаги заргарлик дўконидан 1 822 000 сўмга харид қилиниб, унга совға қилинган тилло узукнинг ўлчами мос келмагани, сотувчи товарни қайтариб олмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилиб, ўрганиш якунлари билан масалани истеъмолчи фойдасига ҳал бўлишига, товар учун тўланган пулни истеъмолчига қайтарилишига эришилди. Шундай бўлсада, шу ўринда, қонунчиликнинг қуйидаги томонларига тўхталиб ўтиб, олди-сотди амалиётларининг ҳар икки томони учун ҳам фойдали бўлган жиҳатларини уларга яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида белгилаб берилган ваколатларидан келиб чиққан ҳолда Ҳукуматимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” тасдиқланган бўлиб, қоидалар билан юқоридаги қонуннинг 18-моддасидаги истеъмолчининг ҳар қандай мақбул сифатдаги ноозиқ-овқат товарини 10 кун муддат ичида сотувчидан алмаштириб олиш ҳуқуқидан ва мазкур тоифага тушмайдиган товарлар рўйхати Ҳукумат томонидан тасдиқланиши ҳақидаги нормалардан келиб чиқилиб, шунингдек бошқа мамлакатлар тажрибаси, санитария-гигиена талаблари, мантиқий ёндашув ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда, қайтариб олинмайдиган ва алмаштирилмайдиган товарлар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатга 12 та йўналиш бўйича бир қатор товарлар киритилган бўлиб, улар қаторида қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмлар ҳам бор. Демак, бу каби товарларни харид қилишда истеъмолчилардан бироз ҳушёрлик талаб қилинади!

Шунинг билан биргаликда, истеъмолчи ҳуқуқининг устиворлигидан ҳамда номи зикр этилган қонуннинг 5 ва 6-моддалари талабларидан келиб чиқилиб, юқоридаги рўйхатга киритилган товарлар савдоси билан шуғулланувчи сотувчи олди-сотди жараёнида харидор (истеъмолчи)ни бу ҳақда огоҳлантириши, унга қоидаларнинг тегишли қисмлари бўйича зарурий тушунтиришларни бериши, истеъмолчилар танишиши учун қулай жойларга Қоидаларнинг ўз фаолиятига тегишли қисмларидан кўчирмаларни жойлаштириши лозим. Акс ҳолда, сотувчи қонуннинг 7-моддасидаги нормалардан, яъни истеъмолчига нотўғри маълумот ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши важи ҳамда қонун сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланишидан келиб чиқиб, қайтарилмайдиган ва алмаштирилмайдиган товарлар билан боғлиқ ҳолатда юзага келган низоларда ютқазиб қўйиши мумкин.

Ўрганиш ишлари ўтказилган мурожаат билан боғлиқ ҳолатда ҳам воқеалар худди шундай тарзда кечган. Сотувчи томонидан харидорга савдо қоидалари, шунингдек ўзи реализация қилаётган товар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот, шунинг билан биргаликда Қоидаларда назарда тутилган тартибда тушунтириш ва огоҳлантиришлар берилмагани сабабли истеъмолчи мақбул сифатда бўлган товарни қандайдир истеъмол хоссалари мос келмагани важи билан алмаштиришга қайтариб олиб келган ва ўртада низоли ҳолат келиб чиққан. Юқоридагилардан келиб чиқиб, жамият мутахассислари томонидан қонунчилик талаблари юзасидан берилган тушунтиришлар ва ишни қонуний ҳал қилиш юзасидан олиб борилган музокаралар билан эса масала истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.

Нигора Усмонова,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin