Нуқсонли тренажер алмаштирилди

Нуқсонли тренажер алмаштирилди

Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Муқимий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ч.А.нинг шартнома қиймати 13 799 000 сўм бўлган тренажер (югуриш йўлаги) нархини бўлиб шартларида харид қилгани ва ушбу техникадан ҳеч қанча фойдаланмасидан нуқсонлари аниқлангани, сотувчи томонидан унинг нуқсонли товарни алмаштириш тўғрисидаги талаблари бажарилмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчига кўра, у югуриш йўлагини жорий йилнинг феврал ойида тумандаги “Ишонч” кредит савдо дўконидан харид қилган. Фойдаланишининг биринчи ҳафтасидаёқ тренажерда қизиб кетиш ва тўхтаб-тўхтаб ишлаш ҳолатлари кузатилгач, сотувчига мурожаат қилганидан сўнг юборилган сервис устаси унинг аккумулятор қисмида нуқсон борлигини ва алмаштириш кераклигини айтиб кетади. Нуқсонли қисмни алмаштириб бериш ишлари чўзилавергач, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, шартнома тарафларининг мажбуриятлари ижроси унда кўрсатилган муддатлар ичида, лекин қонунчилик нормаларида белгиланган муддатлардан кўп бўлмаган вақт доирасида таъминланиши лозим. Шартнома шартларини ўз вақтида бажармаслик унинг тарафларидан бирига нафақат пеня (неустойка) каби молиявий санкцияларни келтириб чиқариши, балки ушбу шартларни бажармаган тарафнинг имижига салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий оқибатларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Мурожаатни ўрганиш давомида сотувчига қонунчилик тарғиботи олиб борилиши ҳамда юқоридаги ҳолатлар юзасидан қўшимча тушунтиришлар берилиши билан нуқсонли эканлиги даъво қилинган тренажер бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиб, истеъмолчи муаммоси бартараф этилишига эришилди.

Дилором Мирзаева,
туман жамияти мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin