Нуқсонли эканлиги даъво қилинган ноутбук учун тўланган пул истеъмолчига қайтарилди
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Соҳил кўчасида Х.Ж.нинг 5 200 000 сўмга сотиб олган ноутбукни нуқсонлари сабаб сотувчига қайтаришда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида ноутбукни шаҳардаги дўконлардан биридан сотиб олганини, бир ҳафта ишлатмасидан нуқсонлари мавжудлиги аниқлаганини, сотувчига бу борада мурожаат қилиб натижага эриша олмаганини баён қилади. Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчи томонидан берилган қўшимча тушунтиришлардан маълум бўлишича, ноутбукнинг ички совутиш тизими яхши ишламаётганлиги боис, унда қаттиқ қизиб кетиш, иш жараёнини қаттиқ секинлашиб кетиши ва вақти-вақти билан қотиб қолиш ҳолатлари кузатилаверган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчининг товардан аниқланган нуқсонлар сабаб уни алмаштириш, нуқсонларни бепул бартараф этиш ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш каби талаблари қонунда белгиланган муддатлар ичида кўриб чиқилиши шарт, акс ҳолда истеъмолчида шартномани бекор қилиб товар учун тўланган пулни қайтариб олиш ҳуқуқи вужудга келади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда сотувчига амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилиб, истеъмолчининг қонуний талаблари ижросини таъминлаш борасида музокаралар олиб борилди. Ўрганиш якунлари билан нуқсонли эканлиги даъво қилинган ноутбук сотувчига, товар учун тўланган пули эса истеъмолчига қайтарилди.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
Post Comment