Фарғонада “Мен ёш истеъмолчиман” республика иншолар кўрик-танловининг биринчи босқичлари якунига етмоқда
Фарғона вилояти ҳудудидаги таълим муассасаларида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан “Мен ёш истеъмолчиман” 3-босқичли республика кўрик-танловининг туман (шаҳар) босқичлари бўлиб ўтаётганлиги, унда мазкур ҳудудлардаги мактабларнинг 9-10 синфларида таълим олаётган иқтидорли ўқувчилар иштирок этаётганлиги, танловнинг асосий мақсади ёшларнинг истеъмол маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, улар ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонун ҳужжатлари тарғиботини тизимли олиб боришга қаратилганлиги ҳақида хабарлар бериб ўтгандик.
Шу кунга қадар вилоятнинг айрим ҳудудларида танловнинг 1-босқичи муваффақиятли тарзда ўтказилди. Жумладан:
Ёзёвон тумани
Туманда танлов ҳудуддаги мактабларнинг унда иштирок этиш истагида бўлган ўқувчиларини бир жойга тўплаган ҳолда ўтказилиб, унинг якуний қисмида туман ҳокимлигидан ҳам вакиллар иштирок этиб танлов ғолибларини қутладилар. Танлов якунларига кўра, 1-ўринни 36-мактаб ўқувчиси Асадуллаева Машхурахон, 2-ўринни 16-мактаб ўқувчиси Шералиева Фарзонахон, 3-ўринни 40-мактаб ўқувчиси Абдувоҳидова Муштарийхон эгаллаб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Тошлоқ тумани
Туманда кўрик-танлов ҳам ҳудуддаги барча мактаблардан иқтидорли ўқувчиларни бир жойга жамлаган ҳолда ўтказилиб, ўқувчилар томонидан ёзилган иншолар танлов баҳолаш комиссияси томонидан кўриб чиқилгач, ғолиблар аниқланди. Унинг якунларига кўра, 1-ўринга 4-умумтаълим мактаби ўқувчиси Сарвинозхон Тошпўлатова, 2-ўринга 21-умумтаълим мактаби ўқувчиси Камолахон Абдубаннобова, 3-ўринга эса 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дурдонахон Абдумаликовалар томонидан ёзилган иншолар лойиқ кўрилди. Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимлари улар ўқийдиган мактабларга ташриф буюрган ҳолда ўтказилди.
Қўштепа тумани
Қўштепада ўтказилган танловда нафақат унда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга совғалар, балки унда иштирок этган барча ўқувчилар ҳамда уларнинг устозларига ҳам китоблар совға қилинганлиги билан эсда қолди. Ҳудудлардаги мактаблардан иштирок этиш истагида бўлган ўқувчиларни бир жойга тўплаб ўтказилган танлов якунларига кўра 3 нафар ғолибларнинг номлари аниқланиб, улар томонидан ёзилган иншолар вилоят босқичида иштирок этиш учун йўналтирилди.
Танловнинг туман (шаҳар) босқичлари жорий йилнинг 25-мартига қадар давом этади. 26-31 март кунларида эса республика бўйлаб кўрик-танлов вилоят босқичлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Post Comment