Фарғонада халқаро китобхонлик фестивалини ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.12.2020 йилдаги 781-сон қарори билан 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тасдиқланган, қарорга кўра, 2021 йилдан бошлаб апрел ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги” этиб белгиланиб, республикамизнинг бошқа ҳудудлари қатори, ҳар йили, Фарғона вилоятида ҳам намнуавий тарзда ўтказиб келинаётган эди. Фарғона вилоятида 2025 йилни “Китобхонлик йили” деб эълон қилиниши ортидан мазкур тадбир кўламини янада кенгайтириш, ушбу йўналишда халқаро фестивал ўтказиш ташаббуси юзага келди.
Бугун Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида йилнинг 5-7 май кунлари Фарғона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган мазкур “Халқаро китобхонлик фестивали” ташкилотчиларининг оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан учрашуви ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзоджон Полвонов ҳамда бошқа масъуллар томонидан тадбирни юқори савияда ўтказиш бўйича режалаштирилаётган ишлар юзасидан ахборотлар бериб ўтилди.
Таъкидландики, Фарғона шаҳрининг Каштанзор кўчаси бўйлаб махсус павилион тайёрлаш, унинг ҳудудига “Китоб монументи”ни ўрнатиш, фестивалга қўшни республикалардан меҳмонларни таклиф этиш, фестивал доирасида халқаро китобхонлик ярмаркалари, турли мавзулардаги кўргазмалар, миллий тарихий фильмлар намойишлари, ёзувчилар билан учрашувлар, концертлар ва бошқа кўнгилочар дастурлар лойиҳаларини мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилмоқда ва бу борада қўшимча таклифлар йиғилмоқда.
Тадбир доирасида барчани мазкур халқаро тадбирни ташкиллаш ва ўтказишда ҳамда уни нуфузли халқаро анжуманлар қаторига олиб чиқишда фаол иштирок этишга чақирилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди ҳамда улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар тингланди.
Post Comment