Контрафакт маҳсулотлар сотилиши ҳолатлари қайд қилинди

Контрафакт маҳсулотлар сотилиши ҳолатлари қайд қилинди

Контрафакт товар деганда интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда муомалага киритилган товар тушунилади. Контрафакт товарни ҳақиқийси (оригинали)дан ажратиш доим ҳам осон иш эмас. Айтайлик, олим кечани кеча, кундузни демай меҳнат қилиб, китоб ёзди ва уни чоп эттириб, сотувга чиқарди. Лекин яна кимдир ушбу китобни айнан ўхшаш шаклда, ранг ва безакларда, ўхшаш материаллардан фойдаланган ҳолда босмадан чиқариб, уям сотувга чиқариб юборди. Китобни муаллифи ва номига қараб сотиб олаётган ўқувчи буни фарқига бора оладими? Контрафакт нусха ўта сифатсиз материаллардан тайёрланган ва сифатсиз босилган ҳолатларни истисно қилганда, агар иккаласи ҳам бирдек қилиб босмадан чиқарилган бўлса буни фарқлаб олиш қийин кечади.

Фаолиятида худди шундай ҳолатга дуч келган Хоразм вилоятилик инглиз тилини замонавий шаклларда ўргатиш бўйича қўлланмалар ҳаммуаллифи Ж.Қутимов Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилоятидаги бўлимларига мурожаат қилган. Мурожаат унда қўлланмаларнинг контрафакт нусхалари сотилаётганлиги айтиб ўтилган ҳудудлар бўйича Бағдод ҳамда Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари мутахассислари томонидан, муаллифнинг контрафакт ва ҳақиқийсини ажратиб олиш бўйича тавсиялари асосида, ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам ушбу ҳудудларда мазкур қўлланмаларнинг контрафакт нусхалари билан савдо қилиниши ҳолатлари қайд қилинди.

Хусусан, китоблар савдоси фаолияти билан шуғулланиб келаётган ва ўрганилган сотувчилардан Риштон туманида 3 тасидан 2 тасида, Бағдод туманида эса биттасида “Multilevel master” туркумидаги қўлланмаларнинг контрафакт нусхалари савдода мавжудлиги кузатилиб, аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиши учун интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқубузарликларни назорат қилиш бўйича ваколатли орган ҳисобланган вилоят адлия бошқармасига маълумотномалар киритилди.

Қаҳрамон Ўринов,
Хусниддин Латипов,
Бағдод ва Риштон туман жамиятлари мутахассислари.

Post Comment