Истеъмолчи ўн олти миллион сўмлик “бош оғриғи”дан халос бўлди

Истеъмолчи ўн олти миллион сўмлик “бош оғриғи”дан халос бўлди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Милтиқсоз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ў.Қ.нинг шартнома қиймати 16 634 000 сўм бўлган тилло тақинчоқларни истеъмол кредити шартларида харид қилмоқчи бўлгани ва кейинчалик бу йўналишда келиб чиққан муаммолар билан боғлиқ ҳолат юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.

Ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчи 2024-йилнинг декабр ойида шаҳардаги савдо мажмуаларидан бирида заргарлик буюмлари савдоси фаолиятини олиб бораётган “Ch. J.” МЧЖ сотувчиларидан муддатли тўлов шартларида тилла тақинчоқлар сотиб олмоқчи бўлган. Шартнома расмийлаштирилиши жараёнида истеъмолчининг кредит тарихи билан танишилганда унинг баллари кредит ажратилишига монелик қилувчи даражадалиги маълум бўлгач, қизининг таваллуд кунига совға қила олмаслигидан тушкунлик кайфиятига тушиб қолган истеъмолчига сотувчи томони товарни бошқа усулда харид қилишни, яъни “Ячейка” муддатли тўлов усули мавжудлиги, унга кўра танланган тилла тақинчоқлар ўралиб, муҳрланиб, дўконнинг сейфига қўйиб турилиши, мижоз томонидан ҳар ойда келишилган миқдордаги пул суммаси олти ой давомида тўлаб борилса, еттинчи ойга ўтиб товарни олиб кетиши мумкинлигини айтишган. Истеъмолчи ушбу шартга кўнган бўлиб, шартномани имзолаб, 453 000 сўм олдиндан тўловни ҳам амалга оширган. У ердан қайтиб келганидан сўнг ўтган бир-икки кун ичида заргарлик буюмини бошқа жойдан харид қилиб, қизига ҳам топширишга улгурган истеъмолчи “Ch. J.” МЧЖ билан тузилган шартномани бекор қилишга уринади, бироқ унинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетади.

Федерациянинг Марғилон шаҳар жамияти мутахассислари мурожаатни ўрганиш давомида сотувчи томонига амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тегишли тушунтириш ва тарғибот ишларини ўтказиб, истеъмолчининг муаммосини ҳал қилиш юзасидан музокаралар олиб бордилар. Музокаралар эса истеъмолчи билан тузилган шартнома бекор қилинишига ҳамда олдиндан тўлов сифатида олинган 453 000 сўм пулни истеъмолчига қайтарилиши билан якун топди.

Саидхон Хапизов,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment