Ҳисоб-китоб қиёслов кўриги муддати ўтиб кетган ҳисоблагич асосида олиб бориладиган бўлди

Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ш.Абдурахмоновнинг “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Фарғона туман филиали томонидан қўлланилган 178000 (бир юз етмиш саккиз минг) сўм миқдоридаги қарздорликдан норози бўлиб ёзма равишда қилган мурожаати ўрганилди.

Туман жамияти мутахассислари сув таъминоти идораси вакили билан мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида истеъмолчи хонадонига ташриф буюрганларида хонадоннинг тоза ичимлик суви тармоғига ҳисоблагич ўрнатилганлигига, ҳисоблагичнинг тегишли муҳрлари жойидалигига, ўрганиш кунида унинг кўрсаткичи 418 м3 ни кўрсатиб турганлигига гувоҳ бўлдилар.
Маълум бўлишича, хонадонга 2015 йилда тоза ичимлик суви тармоғи тортилган. Хонадон ичимлик сувини 2016 йилнинг май ойига қадар ҳисоблагичсиз, меъёрий тўлов асосида истеъмол қилиб келган, май ойидан бошлаб эса тўловлар ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида амалга ошириб борилган.
Мавжуд тўлов қоғозлари ва ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида жойида ўтказилган қайта ҳисоб-китоблар, ҳаттоки, истеъмолчининг ўрганиш ўтказиш кунига 58 м3 га ёки 38860 (ўттиз саккиз минг саккиз юз олтмиш) сўмга ҳақдорлиги ёхуд олдиндан тўловдалигини кўрсатди. Хўш, унда қарздорлик қаердан келди?!
Истеъмол қилинган ичимлик сувини ҳисоблагич ускунаси хонадонга 2016 йилнинг май ойида ўрнатилганлигини юқорида айтиб ўтдик. Зийрак ўқувчи дарров сезганидек, маиший истеъмолчилар хонадонларига ўрнатилган ҳисоблагичларни ҳар 4 йилда бир маротаба давлат қиёслов кўригидан ўтказилиши керак эди (бу 2020 йилнинг июнь ойига қадар амалда бўлган қоидаларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 28.05.2020 йилдаги 342-сонли қарори билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ эса жисмоний шахслар учун бу муддат 8 йил қилиб белгиланган). Хонадондаги ҳисоблагичнинг даврий қиёслов кўригидан ўтказиш муддати эса 2020 йилнинг май ойига тўғри келган. Амалда ушбу муддат ўтиб бўлгач, ичимлик сувини етказиб берувчи корхона шуни асос қилиб, қайта ҳисоб-китоб ишларини ўтказган. Кўрибсизки, ҳозиргина ҳақдор бўлиб турган истеъмолчи энди қарздор. Лекин Сиз бу ерда истеъмолчи ноҳақ эканда, деб хулоса қилишга шошилманг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2014 йилдаги 194-сонли қарорини 69-бандида, сувни ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати тугашидан камида 30 календарь кун аввал ИСКХ ташкилоти истеъмолчига шартномада кўрсатилган тартибда (почта орқали, шахсан, электрон почта воситасида, ижтимоий тармоқлар ёрдамида ва ҳоказо) огоҳлантириш хати жўнатади. Унда сувни ҳисобга олиш асбобидан фойдаланиш муддати тугаётганлиги қайд этилади, истеъмолчи учрашиши керак бўлган шахс, манзил, телефон рақами ва электрон манзили кўрсатилади, деб белгилаб қўйилган.
Агар корхона тегишли тартибда истеъмолчига огоҳлантириш хати бермаган бўлсачи? Мазкур банднинг тўртинчи хатбошига қараймиз, унда белгиланишича, белгиланган тартибда огоҳлантириш хати берилмаганда муддати тугаган ҳисобга олиш прибори орқали истеъмол қилинган ичимлик суви учун қайтадан ҳисоб-китоб қилиш қатъиян ман этилади.
Юқоридаги ҳолатда эса ҳамма бало истеъмолчининг тегишли тартибда огоҳлантирилмаганида. Огоҳлантирилмаган экан, демак Қоидаларга кўра, қайта ҳисоб-китоб ҳам ўтказилмасдан, ҳисоб-китоб ишлари хонадондаги мавжуд ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида олиб борилиши керак.
Ўрганиш натижаларига кўра, юқоридаги ҳолатларнинг барчаси ҳисобга олиниб, ҳисоб-китобни ҳисоблагичнинг амалдаги кўрсаткичи асосида юритилишига ва истеъмолчи зиммасидан қарз юки халос этилиб, унинг тўловлар бўйича ҳақдор эканлигини тан олинишига эришилди.
Бу ҳақда истеъмолчига ёзма равишда маълум қилинди.

Унутманг!
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 7-моддасига кўра, истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.

Хилолдин Гафуров
Фарғона туман ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси