Истеъмолчиларни ўз вақтида хабардор қилиш кўплаб тушунмовчиликларни олдини олган бўларди

Қўштепа тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Эшонгузар маҳалласида яшовчи Р.Қурбоновнинг Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига маҳаллаларидаги электр таъминотидаги узилиш бўйича қилган мурожаати ўрганилди.

Мурожаат бўйича тезкорликда ўрганиш ишлари ўтказилганда, мурожаат юборилган куни мазкур ҳудудга электр энергиясини етказиб берувчи фидернинг Саткак-Сармозор маҳалласи оралиғидаги темир йўл кесишмаси рўпарасидаги истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берувчи линиясида авария ҳолати аниқланганлиги сабабли, шу куни соат 19-15 ларга қадар таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги, таъмирлаш ишлари якунлангач соат 19-30 да линиядаги электр таъминоти тикланганлиги маълум бўлди.
Мурожаатни ўрганиш доирасида соҳа масъулларига электр энергиясини етказиб бериш жараёнидаги турли тушунмовчиликларни ва аҳолининг эътирозларини олдини олиш мақсадида электр энергиясини чеклаш ва узиб қўйиш, шунингдек турли авариялар сабабли тармоқда вақтинча электр таъминоти бўлмайдиган ҳолларда истеъмолчиларни хабардор қилиш ишларини тизимли асосда олиб борилиши юзасидан тушунтиришлар берилди.

Унутманг!

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, истеъмолчи ўзига хизмат кўрсатаётган корхона томонидан кўрсатилаётган иш ва хизматлар ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига (4-модда), хизмат кўрсатувчи эса истеъмолчини ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот билан таъминлаш мажбуриятига эга (6-модда).

Ўғилхон Охунова
Қўштепа туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси