Хонадон маиший газ баллони билан таъминланди

Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Бўстон МФЙ Гулистон кўчасида яшовчи фуқаро А. Усмонов хонадони табиий газ тармоғига уланмаганлиги боис маиший газ баллонига эҳтиёжи борлигини, мазкур масалада Риштон тумангаз бўлимининг маиший газ баллонлар тарқатиш бўлимига оғзаки бир неча бор мурожаат қилсада, масаласи ижобий ҳал этилмай келаётганлиги тўғрисида мурожаат қилганди.

Мурожаатга ойдинлик киритиш мақсадида ўрганилганда фуқаронинг хонадони янги уйлар қурилиб, аҳоли бирин-кетин кўчиб чиқаётган маҳалла ҳудудидалиги, маҳаллага табиий газ тармоғи тортилмаганлиги, хонадоннинг ҳақиқатан ҳам маиший газ баллонига эҳтиёжи борлиги маълум бўлди.

Масала юзасидан тумангаз масъулларига учрашилганда, улар фуқаро ҳақиқатан ҳам оғзаки равишда мурожаат қилиб келганлигини, улар томонидан маиший газ баллони олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни олиб келиш тушунтирилганлиги маълум қилинди.

Ўрганиш ишлари доирасида хизмат кўрсатувчи ташкилот масъулларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик тарғиботи ўтказилди ҳамда фуқаро томонидан жамланган зарурий ҳужжатлар топширилиши билан ўрганув кунининг ўзида маиший газ балони билан таъминланди.

Маълумот учун:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги 646-сонли қарори билан тасдиқланган “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 16-бандига кўра:

  • газ таъминоти ташкилоти истеъмолчининг аризаси асосида унинг балансида бўлган маиший газ баллонини тўлов ундирмасдан вақтинча фойдаланишга бериш мажбуриятини олади, истеъмолчи эса ундан хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдаланиш мажбуриятини олади.

Низомнинг 17-бандига мувофиқ, истеъмолчиларга (аҳолига) маиший газ баллонини вақтинча фойдаланиш учун етказиб бериш имкониятини кўриб чиқиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига маиший газ баллони бериш ҳақидаги аризани ёзма ёки электрон шаклда истеъмолчи паспортининг нусхаси ва ўзини ўзи бошқариш органидан берилган яшовчилар сонини тасдиқлайдиган маълумотнома илова қилинган ҳолда тақдим этади;
  • берилган ариза уч иш куни мобайнида газ таъминоти ташкилотининг мутахассислари томонидан жойига чиқиб суюлтирилган газ билан таъминланганлик ва овқат тайёрлаш учун газдан фойдаланувчи ускунанинг мавжудлиги жиҳатидан ўрганилади. Ўрганиш якунлари бўйича далолатнома тузилади ва газ таъминоти ташкилоти томонидан битта истеъмолчига бир дона газ баллони етказиб берилади.

Хусниддин Латипов

Риштон туман ИҲҲҚ жамияти ҳуқуқий ҳимоя мутахассиси