Қарздорлик асоссиз экан

Фуқаро ичимлик сувини кўча колонкасидан ташиб ичсада, хонадонида ичимлик суви тармоғи мавжуд истеъмолчи тарифида ҳисоб-китоб қилиб келинган.

Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари туман ҳудудида истиқомат қилувчи Ф.Пайғамованинг ичимлик суви истеъмоли бўйича 840000 (саккиз юз қирқ минг) сўм қарздорлик юзасидан норози бўлиб ёзган мурожаати бўйича ўрганиш олиб бордилар.

Ўрганишда ичимлик сув таъминоти корхонаси мижозлар бўлимида фуқаро хонадони учун юритилган № 07…….84 шахсий абонент рақамида 2021 йил 1 январь ҳолатига 851000 сўм ва жорий йилнинг январь-февраль ойлари учун 75000 сўм, жами 926000 сўм қарздорлик вужудга келганлиги қайд қилинди. Ажабланарлиси шундан иборатки, корхонада мазкур фуқаро хонадони ичимлик суви тармоғи тортилган истеъмолчи сифатида базага киритилиб, ҳисоб-китоблар ҳам ана шу тариф бўйича юргизиб келинган. Аслида эса мазкур хонадон ҳали-ҳануз ичимлик сувини кўча колонкасидан ташиб истеъмол қилиб келмоқда экан.

Олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар доирасида маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда туман “Сувоқава” ДУК мутахассислари иштирокида хонадон ичимлик сувини кўча колонкасидан ташиб истеъмол қилиб келаётгани ҳақида далолатнома тузилди ҳамда ичимлик суви таъминоти корхонасига тақдим қилинди.

Ўрганишда тўпланган ҳужжатлар асосида хонадонни кўча колонкасидан фойдаланувчи сифатидаги истеъмолчи тоифасига ўтказилиши билан қайта ҳисоб-китоблар олиб борилганда, Ф.Пайғамованинг ичимлик суви тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги, ҳаттоки 72000 (етмиш икки минг) сўм олдиндан тўловдалиги қайд қилинди.

Мурожаатни ўрганиш доирасида томонларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Қонуни мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.

Бахтиёр Жўраев
Бешариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси