Туман жамияти фаолиятидан

Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан 2021 йил давомида аҳолининг истеъмол маданиятини ва ҳуқуқий билимини янада ошириш, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинди.

Жумладан, 58 та корхона, ташкилот, идора ва муассасаларнинг ишчи ходимлари билан учрашилиб, улар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек соҳага оид бошқа қонунлар ва қонуности меъёрий ҳужжатларининг мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишлари ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар хусусида ОАВларда, хусусан веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали маълумотлар жойлаштирилди. Ҳудудий бирлашманинг istemolchi-info.uz расмий сайти ва телеграмдаги istemolchiinfouz канали ҳамда Facebook, Instagramдаги istemolchi-info саҳифалари шулар жумласидандир.

Амалга оширилган ишларни ёритиш мақсадида Федерация муассислигидаги “Iste`mol madaniyati”, туман ҳокимлиги муассислигидаги “Quva hayoti” газеталари, Фарғона вилоят телерадиокомпанияси ҳамда унинг радиогуруҳи билан ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Туман жамиятига фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни ҳал қилиб берилиши натижасида 70 млн сўмдан ортиқ маблағлар уларнинг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар ичида коммунал идоралар хизматларидан норози бўлиб қилинаётган мурожаатларнинг сони юқорилигича қолмоқда.

Туман жамияти қошида ташкил этилган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхонаси орқали истеъмолчиларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериб келинаётган бўлса, жамият раҳбари бошчилигида 11 та маҳаллага чиқиб сайёр қабулллар ҳам ўтказилди. Мазкур қабуллар давомида 55 нафар фуқароларнинг соҳага оид муаммоларини ҳал қилишга амалий ёрдамлар кўрсатилди, бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ҳамда амалдаги қонунчилик бўйича тушунтиришлар берилди.

Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан аҳолининг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини янада ошириш мақсадида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар режасини белгилашда олиб борилаётган ишларни сифат ва сон жиҳатидан янада яхшилаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

 Феруза Умурзақова

Қува туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси