Қашқадарёлик истеъмолчининг ҳуқуқлари тиклаб берилди

Кейинги вақтларда аҳоли вакиллари томонидан сотиб олинган шифер томга ёпилгач, дарз кетиш ва бошқа шу каби нуқсонлар юзага келаётганлиги тўғрисидаги мурожаатлар кўп учрамоқда. Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида истиқомат қилувчи А.Гулбаев ҳам худди шундай ҳолатга дуч келган.

Унинг Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига қилган мурожаатида билдирилишича, Қарши шаҳридаги Осиё бозоридан 220 дона шиферни ҳар бир донасини 45000 сўмдан, жами 9 млн 900 минг сўмга сотиб олган. Лекин шиферларни томга қоқилгач, улардан 66 донаси дарз кетган.

Мурожаатни ўрганиш давомида мазкур том ёпиш материали “Қувасойшифер хризотил” МЧЖ ҚКда ишлаб чиқарилганлиги сабабли, мурожаатни ҳудудий тегишлилиги бўйича ўрганиб чиққан Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти юзага келган ҳолатда истеъмолчининг ҳуқуқларини кўрсатиб ўтилган ҳолда, корхонага ёзма равишда мурожаат қилди. Корхонадан 10.05.2022 йил санаси билан олинган 50-сонли жавоб хатида эса, истеъмолчининг мурожаати ўрганилиб, қаноатлантирилганлиги ҳамда у билан телефонда мулоқот воситасида 90 дона шиферларни бошқасига алмаштириб берилиши бўйича келишувга эришилганлиги маълум қилинди.

Шундан сўнг фуқаро А.Гулбоевдан ҳудудий бирлашма раҳбари номига раҳматнома ҳам етиб келди. Мурожаатни ўрганиб чиқилиб, истеъмолчи фойдасига ҳал қилиниши натижаси билан, унинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, унга 4 млн 50 минг сўмлик зарар етказилишини олди олинди.

Фахриддин Бойназаров
Ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи