Истеъмолчи талаби қаноатлантирилди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган Д.Нишонова истеъмолчи сифатида ҳуқуқларини ҳимоя қилиб беришларини сўраган.

Мурожаатчига сўзларига кўра, “C.A.”МЧЖга қарашли савдо дўконидан “Elite” маркали музлатгични 4 млн 200 минг сўмга харид қилиб олган. Музлатгични уйга келтирилиб, ундан 3-4 кун фойдаланиш жараёнида унинг совутиш функцияси лозим даражада ишламаётганлигини сезгач, сотувчига ўз эътирозларини билдирган ва қонуний талабларини қўйган. Лекин унинг талаблари бажарилмагач, Федерация аъзоси сифатида ўз истеъмолчилик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб туман жамиятига мурожаат қилган.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига кўра, ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт. Ушбу қонуннинг 13-моддасига кўра эса, истеъмолчига сотилган товарда нуқсонлар аниқланган тақдирда истеъмолчи шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш, яъни товар учун тўланган пулни қайтариш талабини қўйишга ҳақлидир.

Истеъмолчининг юқоридаги ҳуқуқларидан келиб чиққан ҳолда, туман жамияти мутахассислари сотувчи билан тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бордилар. Сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги ўзаро келишувга кўра, нуқсонли товар сотувчига, унинг учун тўланган пул суммаси эса истеъмолчига қайтарилди.

Шохистахон Рахимова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси