Нуқсонларини бартараф этишнинг имкони бўлмаган маиший техника сотувчига қайтарилди

Нуқсонларини бартараф этишнинг имкони бўлмаган маиший техника сотувчига қайтарилди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қўштепа тумани “Ғиштмон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Г.Э.нинг товарнинг шартнома қийматини бўлиб тўлаш шартларида 5 000 000 сўмга харид қилинган кир ювиш машинаси нуқсонли чиққанлиги, нуқсонни бартараф этиш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлар натижа бермаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг сўзларига кўра, “Beko”русумли кир ювиш машинаси “Ишонч” дўконлар тармоғининг Тошлоқ туманида фаолият олиб бораётган шохобчасидан нархини бўлаб тўлаш шартларида харид қилинган. Маиший техникага харид қилинган вақти 2024 йилнинг ноябр ойидан кейинги ўтган давр ичида 2 марта сервис марказидан усталар чақирилиб, техник хизматлар кўрсатилган бўлсада, нуқсонни тўлиқ бартараф этишнинг имкони бўлмаган. Шундан сўнг истеъмолчи ушбу товарни алмаштириш ёки шартномани бекор қилиш бўйича ҳуқуқларини амалга оширишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Марғилон шаҳар жамиятига мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганилиши жараёнида маиший техника кўздан кечирилиб, сотувчининг масъул шахслари ҳамда шаҳар жамияти вакиллари иштирокида нуқсонли товарни олиб кетиш ҳамда шартномани бекор қилиб, истеъмолчига бўлиб тўлаш шартлари асосида пластик картасидан ўтказиб борилган маблағларни қайтариш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилди. Шундан сўнг, ўрганиш якунлари билан истеъмолчи банк картасига 1 309 000 сўм пул маблағи қайтариб тушириб берилди.

Саидхон Хапизов,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment