Ташқи рекламада лингвистик ва маданий мезонларга амал қилинмоғи зарур

Ташқи рекламада лингвистик ва маданий мезонларга амал қилинмоғи зарур

Замонавий шаҳар қиёфасини ташқи рекламаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. У нафақат тадбиркорликнинг “юзи”, балки жамиятнинг маданий ва лингвистик даражасини кўрсатувчи кўзгудир. Фарғона вилояти ўзининг иқтисодий салоҳияти ва тарихий нуфузи билан бу борада муҳим ҳудудлардан бири саналади. Бироқ, кўчаларимиздаги баннерлар ва пешлавҳалар амалдаги қонун талабларига мос келмайдиган баъзи бир ҳолатларга ҳали ҳам дуч келмоқдамиз.

Ўзбекистонда реклама фаолиятининг ҳуқуқий асослари сўнгги йилларда тубдан янгиланди. Ушбу ўзгаришларнинг марказида 2022-йил 7-июнда қабул қилинган ва 2022-йил 9-сентябрдан кучга кирган ЎРҚ-776-сонли “Реклама тўғрисида”ги Қонун туради. Мазкур қонун аввалги таҳрирдан ўзининг қатъийлиги ва замонавий бозор муносабатларини тўлиқ қамраб олганлиги билан ажралиб туради. Қонуннинг 1-моддасига биноан, асосий мақсад реклама тайёрлаш ва тарқатиш жараёнида юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик маданиятини оширишдан иборатдир.

Ваколатли идоралар томонидан ўтказилган мониторинглар жараёнларида кўчаларимизда “Original parfumeriya”, “Lux servis” ёки “Yevro remont” каби аралаш сўзлардан иборат рекламалар қайд қилинган, бу эса тилимизнинг софлигига путур етқизади. Айниқса, “Goʻshtlik taomlar” ёки “Milliy va Yevropa taomlari” каби мантиқий ва имло хатоларига бой рекламалар тил меъёрларига мос эмас. Бунинг сабаби шундаки, ўзбек тилида сифат ясовчи “-лик” қўшимчаси кўпинча нарсанинг таркибини ёки хусусиятини билдиради, лекин таомлар ҳақида гап кетганда “гўштли таомлар” (гўшти бор) деб айтиш тўғрироқ бўлади. Бу каби ҳолатлар нафақат тилшуносларнинг, балки ваколатли идораларнинг ҳам диққат марказида бўлиши лозим. Чунки асоссиз ишлатилган “Super”, “Original”, “Birinchi raqamli” каби сифатлар истеъмолчида сохта кутилма уйғотади.  Реклама нафақат сотувни ошириши, балки истеъмолчига тўғри танлов қилишда ёрдам бериши керак.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) ўзи реализасия қилаётган товари (иш, хизмат) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот бериши шарт. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига истеъмолчилар томонидан тушаётган мурожаатларда ташқи реклама орқали ваъда қилинган чегирмалар ва акцияларнинг ҳақиқатга мос келмаслиги билан боғлиқ масалаларни кўтарилиши соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина эканлигини кўрсатади. Масалан, дўкон пештоғида “70% гача чегирма” деб ёзилган бўлса-да, амалда фақат бир нечта турдаги паст сифатли товарларга чегирма берилиши инсофсиз реклама сифатида баҳоланади. Бундан ташқари,  деярли кўплаб сўзларда такрорланувчи “o‘”, “g‘”, “sh”, “ch” ҳарфларининг нотўғри ёзилиши ёки оддий грамматик хатолар реклама сифатига путур етказмоқда. “Open”, “Sale”, “Welcome”, “Skitka”  каби сўзлар давлат тилидаги таржимасисиз ёки ундан каттароқ ҳажмда қўлланилиши қонун бузилиши ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, ташқи реклама воситалари нафақат иқтисодий фаолиятни акс эттирувчи омил, балки жамиятнинг тил ва маданият даражасини кўрсатувчи муҳим воситадир. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, айрим реклама намуналари амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ жавоб бермайди, хусусан, тил меъёрларининг бузилиши, нотўғри таржималар ва истеъмолчини чалғитувчи ахборотлар учрамоқда. Бу эса реклама соҳасида назорат механизмларини кучайтириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда давлат тилига ҳурматни мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, келгусида ташқи реклама воситаларини тартибга солишда нафақат иқтисодий, балки лингвистик ва маданий мезонларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Одинахон Холмуродова,

ФарДУ Филология факультети 23.90-гуруҳ талабаси,

ЎИҲҲҚЖ Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси амалиётчиси.

Post Comment