Истеъмолда бўлган товарни сотиб олган харидор ундан фойдаланишда муаммоларга дуч келди
Бугунги ахборот асрини замонавий смартфонларсиз тасаввур қилишнинг имкони йўқ. Смартфон ишлаб чиқарувчилар томонидан инсонлар учун тақдим қилинаётган қулайликлар, замонда ортда қолишни истамаган, лекин янгисини сотиб олишга маблағи етарли бўлмаган одамларимизни иккиламчи бозордан бўлсада смартфон харид қилиб, ундан фойдаланишга ундамоқда. Истеъмолда бўлган товардан фойдаланишда унда турли носозликлар чиқишидан эса ҳеч ким кафолатланмаган.
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Тошлоқ тумани “Садда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи У. З.нинг қизи Б.Ё. учун шаҳардаги “Ойгул” савдо мажмуасидан илгари истеъмолда бўлган смартфонни 500 000 (беш юз минг) сўмга харид қилинганлиги, лекин уйга олиб келингач ундан фойдаланишда бир қатор муаммолар чиққанлиги юзасидан мурожаати ўрганилди.
Аввало, амалдаги қонун ҳамда “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”га кўра, харидор томонидан сотиб олинадиган товар истеъмол қилинган бўлса ёки унинг камчилиги (камчиликлари) бартараф этилган бўлса, харидорга бу тўғрида маълумот берилиши лозимлигини эслатиб ўтиш даркор. Товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши эса, истеъмолчига шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарни ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқини беради. Етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар эса сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.
Мурожаат ўрганилиши жараёнида дўконнинг истеъмолда бўлган телефон аппаратлари савдосини амалга оширувчи сотувчиси билан суҳбатлашилиб, унга қонунчилик талаблари, қонун талабларини бажармаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилди. Натижада нуқсонли товарни сотувчига, 500 минг сўм пул маблағини эса истеъмолчига қайтарилишига эришилди.
Муҳаммадазиз Исақов,
Марғилон шаҳар жамияти мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment