Дорихоналарда истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди
Танлама асосда ўрганилган 120 та дорихонада 287 та ходим меҳнат фаолияти олиб бораётган бўлиб, дорихоналарнинг 4 тасида қонунчиликка кўра, хизмат кўрсатувчи тўлиқ номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шартлиги ва бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозимлиги ҳақидаги, 20 тасида эса истеъмолчилар танишиши учун қулай жойларга ўз соҳасига оид хизмат кўрсатиш қоидаларидан кўчирмалар, лицензияланадиган фаолият турлари бўйича лицензиялардан нусхалар ахборот ёки истеъмолчи бурчагига қўйилиши бўйича талаблар, 41 тасида ёки 34 фоизида эса ўзи томонидан реализация қилинаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида истеъмолчиларга ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли тарзда тақдим қилиш бўйича қонунчилик талабаларининг тўлақонли ижроси таъминланмаган.
Шунингдек дорихоналар масъулларида, агар субъект томонидан асосий фаолиятдан ташқари қўшимча хизматлар кўрсатилса, юқори турувчи идораси (раҳбари) томонидан тасдиқланган прейскурантларнинг мавжуд бўлиши ва прейскурантлар аҳоли (истеъмолчилар) танишиши учун қулай жойларга ўрнатилган бўлиши лозимлиги юзасидан ҳам етарли даражада тушунчалар шаклланмаган.
Истеъмолчига харид қилинаётган товар (иш, хизмат)нинг сифатини текшириб олиш имконияти яратилганлигини ўрганиш мақсадида, сертификатланадиган товарлардан айримларини сертификатларини сўраб кўриш йўли билан ўрганиш ўтказилганда, улардан 15 тасидаги сотувчилар сўралган товарларнинг сертификатларини турли важлар билан тақдим қилмаган ёки тақдим қила олмаган.
Дорихоналарда тўловларни нақд ва нақд пулсиз амалга ошириш (НКМ, тўлов терминали ва б.) имкониятлари яратилган бўлиб, 4 та дорихонада НКМ ва тўлов терминалидан биттасининг ишчи фаолиятида эмаслиги, 1 та дорихонада эса тўловларни қайд қилиш ускуналарини ишлатмасдан савдони амалга оширши ҳолати кузатилган. Ўрганишларда 18 та дорихоналарда товар (иш, хизмат)лар учун тўловни амалга оширишда CLICK воситасидан (кимнингдир шахсий пластик картасига пул ўтказиб бериш усулидан) фойдаланиш ҳолатлари мавжудлиги кузатилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, дори воситаларида ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик (сақлаш) муддати ҳамда сақлаш шартлари кўрсатилиши шарт бўлиб, бундай маҳсулотларни сотиш, шунингдек сотиш учун қабул қилиш тақиқланади. Ўрганишда дорихоналардан 8 тасида ушбу йўналишда қонунбузилиши ҳолатлари кузатилган.
Дори воситаларини реклама қилиш борасидаги қонунчиликни бузилиши ҳолатлари кўрилганда, улардан 5 тасида мазкур йўналишда салбий ҳолатлар кузатилган.
Реализация қилинаётган товар (иш, хизмат)ларнинг санитария-гигиена, амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлиши лозимлиги талаблари ижросини ўрганиш мақсадида дорихоналарда истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавф туғдирувчи, шунингдек, уларнинг мол-мулкига зарар етказувчи ҳолатларнинг мавжудлиги кўрилганда, уларнинг 8 тасида ушбу йўналишда салбий ҳолатлар кузатилиб, ушбу салбий ҳолатлар умумий санитария-гигиена ҳолатлари билан, чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетилиши билан боғлиқ ҳолда кузатилган.
Ўрганишларда 16 та дорихоналарда истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш ҳолатлари қайд қилинган. Ушбу ҳолатлар дори воситаларини реализацияси жараёнида савдони нақд пулда амалга оширилганда қайтим ўрнига бошқа товар тиқиштирилиши (қайтимига дори воситаси бериш) шаклида намоён бўлади.
Post Comment