Даволаниш (санатория, профилактория) муассасалари томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар ўрганилди

Даволаниш (санатория, профилактория) муассасалари томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар ўрганилди

Танлама асосда ўрганилган 10 та даволаниш муассаларининг лойиҳа қуввати жами 1274 та дам олувчига мўлжалланган бўлиб, ўрганиш вақтида ҳақиқатда 1289 та дам олувчи қуввати билан фаолият олиб борилаётганлиги ва 995 та дам олувчига хизматлар кўрсатилаётгани кузатилди.

Ўрганилган даволаниш муассасаларининг барчасида қонуннинг 5-моддасига кўра, хизмат кўрсатувчи тўлиқ номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шартлиги ва бундай маълумот лавҳада акс эттирилиши лозимлиги талаблари бажарилган бўлсада, уларни қонун талаблари асосидаги намунавий шаклда деб бўлмайди. Шунингдек, истеъмолчилар танишиши учун қулай жойларга ўз соҳасига оид хизмат кўрсатиш қоидаларидан кўчирмалар, лицензияланадиган фаолият турлари бўйича лицензиялардан нусхалар ахборот ёки истеъмолчи бурчагига қўйилиши талаблари муассаларнинг 4 тасида, ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот берилиши шартлиги бўйича талаблар эса 3 тасида тўлиқ таъминланмаган.

Дам олувчиларга муассаса томонидан берилган кўрпа-тўшаклар ҳолати кўрилганда, улардан биттасида кўрпа-тўшакларнинг ҳолати талаб даражасида эмаслиги кузатилган.
Дам олувчилар ётадиган хоналардаги мебелларнинг ҳолати бўйича жами 2 та муассасада уларнинг айримлари таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги кўрилган. Худди шунингдек, 1 та муассасада дам олувчилар ётадиган хоналар ҳароратини куннинг иссиқ ва совуқ мавсумларида мўътадил ушлаб туриш чоралари кўрилмаганлиги қайд қилинган. Муассасаларда дам олувчиларни кўришга келган меҳмонлар учун кутиш заллари ташкил қилинган ва уларнинг умумий ҳолати талабга жавоб беради.

Даволаниш муассасаларида фойдаланишда бўлган тиббий ва диагностик асбоб-ускуналарнинг тегишли ҳужжатлари (шунингдек сертификатлари) мавжудлиги сўраб кўрилганда, уларнинг биттасида эса масъуллар мазкур ҳужжатларни тақдим олмаганлар. Юқоридаги асбоб-ускуналарнинг тўғри ишлаётганлигини тасдиқловчи давлат қиёслов кўригидан ўтганлиги тўгрисида ҳужжати мавжудлиги сўралганда, улардан 3 тасида мазкур ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги, биттасида эса мавжуд эмаслиги қайд қилинган.

Муассасалардан биттасидаги даволаш муолажалари ўтказиладиган хоналардаги мебелларнинг айримлари таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Худди шунингдек, мазкур муассасадаги даволаш муолажалари ўтказиладиган хоналардаги кўрпа-тўшаклар ҳолати ҳам талабга жавоб берадиган даражада эмас.

Дам олувчилар томонидан тўловларни амалга ошириш учун тўловларни қабул қилиш ва қайд қилиш ускуналари (назорат касса машинаси, тўлов терминали) кўрилганда, битта муассасада улардан биттаси ишчи ҳолатда эмаслиги, 2 тасида эса ушбу йўналишда тўлиқ шароитлар яратилмаганлиги кузатилган. Ўрганилган муассасаларнинг 3 тасида хизматлардан бепул ёки имтиёзли шартларда фойдаланувчилар тоифаси ҳақидаги маълумотлар тўловларни амалга ошириш жойларидаги истеъмолчилар танишиши учун қулай жойларга қўйилмаган. Ўрганувлар давомида муассасаларнинг 3 тасида тўловлар амалга оширилганда уни амалга оширилганлигини тасдиқлаш ва қайд қилиш учун тегишли ускуналар (НКМ, тўлов терминали) мавжуд бўлгани ҳолда, улардан фойдаланмаслик ҳолатлари кузатилган. Шунингдек, 3 та муассасада товар (иш, хизмат)ларга тўловларни амалга ошириш учун CLICK воситасидан (кимнингдир шахсий пластик картасига пул ўтказиб бериш усулидан) фойдаланиш ҳолатлари мавжуд.

Дори воситаларини реклама қилиш борасидаги қонунчиликни бузилиши ҳолатлари кўрилганда, улардан биттасида мазкур йўналишда салбий ҳолат кузатилган.

Реализация қилинаётган товар (иш, хизмат)ларнинг санитария-гигиена, амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлиши лозимлиги талаблари ижросини ўрганиш мақсадида муассасаларда истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавф туғдирувчи, шунингдек, уларнинг мол-мулкига зарар етказувчи ҳолатларнинг мавжудлиги кўрилганда, муассасаларнинг 4 тасида ушбу йўналишда салбий ҳолатлар кузатилиб, ушбу салбий ҳолатлар умумий санитария-гигиена ҳолатлари билан, ошхона чиқиндилари (турли ёғлар ва б.)ни филтрлашдан ўтказилмасдан оқова сувларига ёки канализация тармоғига ташланиши, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетилишига боғлиқ ҳолатлар билан боғлиқ ҳолатлар билан боғлиқ ҳолда кузатилган.

Ўрганишда юқоридаги муассасаларда истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш ҳолатлари қайд қилинмаган.

Post Comment