Автотураргоҳлар фаолияти бўйича жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилмоқда
ЎИҲҲҚЖ Федерацияси ҳамда Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган кузатув-ўрганишлар режаси асосида вилоят ҳудудидаги бозорлар, йирик савдо ва кўнгилочар масканлар автотураргоҳлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳолати жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди.
Ўрганиш билан, танлама асосда, вилоят ҳудудидаги 27 та хўжалик юритувчи субъектларга қарашли бўлган автотураргоҳлар қамраб олинди. Ўрганишларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.2022 йилдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари” ва 31.07.2013 йилдаги 213-сон қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом” талаблари асос қилиб олинди.
Ўрганилган 27 та автотураргоҳларнинг 2 таси ҳеч қандай ҳужжатларсиз фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, автотураргоҳда хизмат кўрсатувчи юридик шахс номи, иш режими, телефон рақами кўрсатилган «Пулли автомобиллар тўхташ жойи» лавҳаси мавжуд бўлиши керак. Лекин уларнинг 10 тасида ушбу лавҳалар қўйилмаган.
“Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом”га асосан мазкур хизматларни кўсратаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан истеъмолчилар танишиши учун қулай жойга автомототранспорт воситаларини сақлаш қоидалари осиб қўйилиши керак. Лекин ушбу Қоидалар ўрганилган хўжалик юритувчи субъектларнинг 7 тасидагина мавжуд бўлиб, 18 тасида қўйилмаган.
Ўрганилган субъектларнинг 12 тасида истеъмолчиларни ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилиш юзасидан тегишли огоҳлантиришлар қўйилмаган.
Шунингдек, Низомга кўра, аҳоли вакиллари танишиши учун қулай жойга автомототранспорт воситаларини қабул қилиб олиш ва сақлаш учун масъул шахсларнинг вазифалари қўйилган бўлиши лозим бўлиб, субъектларнинг 11 тасида ушбу вазифа ижроси таъминланмаган.
Қонун ва номи зикр этилган Низомга асосан кўрсатиладиган хизматлар учун амалдаги тарифлар тўғрисида маълумотлар тақдим қилиниши лозим бўлсада, ушбу талаб ижроси субъектларнинг 10 тасида таъминланмаган.
Қонунчиликка кўра, мазкур хизматларни кўрсатаётган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳномасидан нусха истеъмолчилар танишиши учун қулай жойга ўрнатилиши лозим бўлсада, субъектларнинг 16 тасида мазкур талаб бажарилмаган.
“Йўл ҳаракати қоидалари”дан маълумки, автомобиллар тўхтаб туриш жойлари кўк рангдаги 5.15 “Тўхтаб туриш жойи” махсус йўл белгиси билан жиҳозланиши, бу ҳақда олдиндан маълумот тақдим қилиниши лозим. Агар мазкур тўхтаб туриш жойи пулли бўладиган бўлса, объект сариқ рангдаги 5.15.1 “Пуллик тўхтаб туриш жойи” махсус йўл белгиси билан жихозланиши лозим бўлади. Сабаби, бу ерда қонунга кўра истеъмолчига бу ҳақда олдиндан маълумот берилиши лозимлиги бўйича нормадан келиб чиқилади. Ўрганилган автотураргоҳлар пулли бўлгани ҳолда, уларнинг 7 таси 5.15 “Тўхтаб туриш жойи” махсус йўл белгиси билан жихозланган ва бу борадаги қонун талаблари тўлақонли бажарилмаётган бўлса, уларнинг 15 таси умуман ҳеч қандай йўл белгиси билан жихозланмаган ҳолда фаолиятини олиб бормоқда. Ушбу ҳолат нафақат истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка, балки “Йўл ҳаракати қоидалари”га ҳам зиддир.
Шунинг билан биргаликда, субъектларнинг 13 тасида кириш (чиқиш) учун ажратилган жойда назоратчи-кассирнинг хонаси (будкаси) бўлиши талаби, 20 тасида назоратчи-кассирнинг хонаси (будкаси)нинг ташқи томонига кўринарли жойда автомототранспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш тарифлари ва шартлари йирик ҳарфларда ёзилган (ҳарфларнинг йириклиги камида 3 см бўлган) ёзув жойлаштирилиши бўйича талаблар бажарилмаган, 13 тасида автомототранспорт воситаларини жойлаштириш тегишли схемаси мавжуд эмас, 11 тасида ногиронларнинг автомототранспорт воситалари учун махсус жиҳозланган камида иккита жой мавжуд бўлиши талаби, 5 таси қаттиқ қоплама билан, 5 таси ёритиш воситалари билан жихозланмаган, 3 тасида чиқинди тўплаш учун контейнерларни мавжуд бўлиши бўйича талаб бажарилмаган, 8 тасида ёнғинга қарши воситалар йўқ, 8 тасида пулли хизматлар учун тўловларни нақд ва нақд пулсиз амалга ошириш имкониятлари тўлиқ яратилмаган (НКМ ёки тўлов терминалидан биттаси йўқ), 2 та субъектда эса умуман яратилмаган (НКМ, тўлов терминалининг ҳар иккиси йўқ).
Ўрганиш ишлари олиб борилиши давомида хўжалик юритувчи субъектларга амалдаги қонунчилик тарғиботи олиб борилди. Унинг якунлари бўйича тайёрланган якуний маълумотноманинг тегишли қисмлари ваколати доирасида чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли идораларга киритилади.
Post Comment