Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида махсус ваколатга эга давлат органи билан ҳамкорликда муҳим ижтимоий масалаларда ўрганишлар ўтказиб борилмоқда

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида махсус ваколатга эга давлат органи билан ҳамкорликда муҳим ижтимоий масалаларда ўрганишлар ўтказиб борилмоқда

Ўзбекистон Республикасининг Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Мазкур Қўмита ва Федерация ўртасидаги ҳамкорлик битими асосида унинг вилоятдаги ҳудудий бошқармаси ва ҳудудий бирлашма ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ички бозорда сотилаётган истеъмол товар (иш, хизмат)лари сифати ва хавфсизлигини амалдаги қонунчилик талабларига мос келиши юзасидан ўтказилаётган турли кузатув (ўрганиш)лар, хусусан давлат ва хусусий тиббиёт корхоналари томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган ўрганиш шулар жумласидандир.

Ҳудудий бошқарма сўрови асосида ўтказилган сўнгги ўрганиш ишлари доирасида хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг уларнинг лицензиясида кўрсатилган фаолият турларига мослиги, ўз фаолиятларини реклама қилиш ёки тарғиб қилиниши учун жойлаштирилган ташқи реклама ва ёзувларнинг тегишли талабларга жавоб бериши, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиниши ҳолатлари кузатувдан ўтказилди.

Танлама асосда, вилоят ҳудудида шу турдаги фаолият турини амалга ошириб келаётган 101 та хусусий тиббиёт ташкилотларини кузатувдан ўтказиш натижаларига кўра, 1 та ҳолатда вақтинча фаолият кўрсатилмаётганлиги, яна 1 та ҳолатда лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганлиги сабабидан бино бошқа турдаги тиббий хизмат кўрсатувчи субъектга ижарага бериб қўйилганлиги, 2 та ҳолатда лицензия олинмасдан фаолият бошлаб юборилганлиги,1 та ҳолатда лицензия дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган бўлсада, қўшимча бошқа тиббий хизматларини кўрсатиш фаолияти олиб борилаётганлиги каби ҳолатлар қайд қилинди. Қолган тиббиёт ташкилотларида лицензиясидан ташқари фаолият турларини амалга ошириш ҳолатлари кузатилмади.

Шу ўринда, ўрганишлар жараёнида амалдаги “Истеъмолчиларинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5 ва 6-моддаларига мувофиқ хизмат кўрсатувчи ўзи ҳақида, шунингдек ўзи томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида истеъмолчилар танишиши учун қулай жойларга ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумотларни жойлаштириши ва бериши шартлиги белгилаб қўйилган, мазкур маълумотни тадқим қилишнинг қулай усулларидан бири “Истеъмолчи бурчаги” (ёки “Ахборот бурчаги (ойнаси)”) ташкил қилиш ва уни, масалан, хизмат кўрсатувчи ташкилот биносининг ички қисми деворига жойлаштириш ҳамда унга ташкилот гувоҳномаси, лицензияси нусхалари, хизмат прейскурантлари, хизмат кўрсатиш қоидалари каби маълумотларни қўйиб қўйиш бўлсада, кўпинча мазкур ахборот берувчи бурчаклар (ойна)ларнинг зарурий маълумотлар билан тўлдирилмаслиги, бўш турганлиги ёки санаб ўтилган ҳужжатлар нусхалари қўйиб қўйилмаслиги ҳолатлари ҳам кузатилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бўлиши қонун талаби бўлган мазкур ҳужжатлардан нусхаларни яшириш, уларни истеъмолчилар эътиборига ҳавола этилмаслиги ёки “Сўраганларга, албатта, кўрсатяпмиз”, “Раҳбарнинг сейфида эди” қабилидаги баҳоналар эса ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

Яна ўрганиш натижаларига қайтсак, албатта, ҳар қандай ташкилот, айниқса хусусий бизнес секторидаги ташкилотлар ўз фаолиятларини реклама қилиш ёки тарғиб қилиниши учун ташқи реклама ва ёзувлардан кенг фойдаланади. Бироқ амалдаги қонунчиликка кўра, мазкур реклама ва ёзувлар тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳолда, уларга реклама жойи паспорти расмийлаштирилиши керак. Ўрганишда 14 та ҳолатда хусусий тиббиёт ташкилоти биносидан алоҳида жойга реклама ва ёзувлар жойлаштирилганлиги, шундан 13 та ҳолатда реклама жойи паспорти расмийлаштирилмаганлиги қайд қилинди.

Ўрганув давомида мижозлардан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш ҳолатлари кузатилмади.

Ўрганиш якунлари бўйича умумлаштирилган маълумотнома Рақобат бошқармасига киритилди.

(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланди)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin