Судларга даъво аризалари киритилиши натижалари юзасидан брифинг
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Марғилон шаҳар жамияти томонидан 2025 йил давомида истеъмолчилар мурожаатлари асосида судларга даъво аризалари киритилиши натижалари
Ассалому алайкум,
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 29-моддасига асосан, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда, улар судга мурожаат қилишга ҳақлидирлар. Даъволар, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жавобгар, истеъмолчи жойлашган ердаги ёки зарар етказилган жойдаги судга тақдим этилади.
Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича, шунингдек, товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари истеъмолчининг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб қўзғатиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти қонуннинг мазкур нормалари билан яратиб берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, ўтган 2025 йилда шаҳар жамиятига келиб тушган 183 та мурожаатларни ўрганиш доирасида низоларни тўлақонли ҳал этишнинг имкони бўлмаган 19 та ҳолат бўйича Фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризаларини киритдилар.
Киритилган даъво аризаларини судларда кўриб чиқилиши натижалари бўйича истеъмолчилар фойдасига 385 млн 912 минг 534 сўм моддий ва маънавий зарарларни ундирилишига эришилди.
Даъво аризаларининг 9 таси коммунал идоралар (бу ўринда ичимлик суви ва иссиқлик энергияси етказиб бериш) хизматлари, 4 таси бошқарув сервис компаниялари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизматлари, 2 таси банк, 1 таси суғурта хизматлари, 1 таси таълим соҳаси, 1 таси қурилиш ва 1 таси савдо масалаларида юзага келган низоларни қонуний ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида киритилган.
Мисолларга тўхталсак:
Фарғона шаҳрида яшовчи истеъмолчи Каримованинг кўп қаватли уйнинг юқори қаватида жойлашган хонадонига том қисмидан сув ўтиши натижасида унга етказилган 9 149 120 сўм зарар ушбу масалага масъул бўлган Бошқарув сервис компаниясидан ундирилди.
Марғилон шаҳрилик истеъмолчи Халилова хонадонига нисбатан ичимлик суви таъминоти корхонаси масъул ходими томонидан нотўғри маълумот берилиши оқибатида келиб чиққан 1 200 000 сўм нореал қарздорлик бартараф қилиб берилди.
Яна шаҳримизда истиқомат қилувчи истеъмолчи Бегматованинг мебел жамламаси учун тўлаган 8 605 500 сўм пули маҳсулотни ўз вақтида етказиб берилмагани важи билан мебел устаси Мадрахимовдан қайтариб олиб берилди.
Марғилон шаҳрида яшовчи истеъмолчилар Нигматуллаева, Александровская, Абдурахмонов ва Қорабаеваларнинг тасарруфида бўлган хонадонларга иссиқлик таъминоти корхонаси томонидан кўрсатилмаган хизмат, яъни етказиб берилмаган иссиқлик энергияси ҳисобидан юзага келган нореал қарздорлик суммалари суд қарори билан бартараф қилинди.
Қўштепа туманилик истеъмолчи Ахмедова ҳамда Фарғона шаҳрида яшовчи истеъмолчи Хошимоваларнинг банк хизматларидан фойдаланиш жараёнида дуч келган муаммоларини суд қарорлари билан ҳал этиб беришга эришилди.
Ушбу мисолларни яна давом эттириш мумкин.
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти жорий йилда ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни нормаларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан аҳоли вакилларимиздан келиб тушаётган мурожаатларни самарали ҳал қилиш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш борасидаги ишларни тизимли асосда давом эттирмоқда.
Эътиборларингиз учун раҳмат!
Брифинг спикери: И.Абдурахимов – Марғилон шаҳар жамияти раиси



Post Comment