Олий таълим муассасасида чакана савдо қоидалари бўйича очиқ мулоқот тадбири бўлиб ўтди

Олий таълим муассасасида чакана савдо қоидалари бўйича очиқ мулоқот тадбири бўлиб ўтди

Фарғона давлат университетининг Иқтисодиёт факультети талабалари иштирокида, ҳудудий бирлашма медиа-тадбирлар режаси асосида, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.02.2003 йилдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” мазмун-моҳияти юзасидан очиқ мулоқот тадбири ташкилланди.

Тадбирда ҳудудий бирлашма масъул ходими Ғайрат Маматкулов ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Умиджон Абдуллаевлар мавзуга оид масалалар юзасидан тушунтиришлар бериб ўтдилар. Тадбир доирасида таъкидландики:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.02.2003 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 75-сонли қарори 1-иловаси билан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” ҳамда 2-иловаси билан “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари” тасдиқланган. Шундан бугунги тадбир бош мавзуси бўлган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” 24 та боб ҳамда 190-банддан иборат.

Қоидаларнинг қўшимча 2 та иловаси, хусусан 1-илова билан “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати” ҳамда 2-илова билан “Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модель, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати”дан иборат иловалари мавжуд.

Қоидалар мамлакатда савдо хизматларини ягона тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини шаффоф ташкил этишга қаратилган муҳим меъёрий ҳужжат ҳисобланади.

Қоидаларда сотувчининг асосий мажбуриятлари, жумладан товар ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумот бериш, нархларни очиқ кўрсатиш, харидорга чек тақдим этиш, сифатли маҳсулот сотиш ҳамда кафолат шартларига риоя қилиш каби талаблар белгиланган. Шунингдек, истеъмолчиларнинг товарни алмаштириш, қайтариш, нуқсонлар бўйича даъво билдириш ҳуқуқлари ҳам аниқ тартибда баён этилган.

Ҳужжат чакана савдо объектларининг иш режими, хизмат кўрсатиш маданияти, санитария ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш каби масалаларни ҳам қамраб олади. У бозор муносабатлари шароитида ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш, харидор ишончини ошириш ва савдо соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.

Мазкур қоидалар талабаларга савдо соҳасида ҳуқуқий меъёрлар, истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари ва амалий ҳуқуқ қўллаш жараёнларини тушунтиришда муҳим назарий ва амалий асос бўлиб хизмат қилади.

Тадбир давомида талабаларнинг кун тартибидаги мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin