Тарғибот тадбирлари – истеъмолчилар ҳуқуқий билимларини оширишнинг муҳим асоси
Федерациянинг Фарғона вилоятидаги тизим ташкилотлари томонидан ўтказилатган тарғибот тадбирларидан кўзланган асосий мақсад аҳоли вакиллари (истеъмолчилар)нинг соҳага оид қонунчиликдан хабардорлигини оширишдан иборатдир. Бешариқ, Фурқат, Қўштепа туманлари ҳамда Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари томонидан ўтказилган тадбирлар шулар жумласидан ҳисобланади.
Бешариқ
Тумандаги 29-давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик асослари, истеъмолчининг асосий ҳуқуқлари, уларда мажбуриятларини келтириб чиқарувчи ҳолатлар, қонунбузилиши ҳолатларида истеъмолчи томонидан амалга оширилиши лозим бўлган саъй-ҳаракатлар юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Фурқат тумани
Фурқат тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимида ўтказилган тадбирда тумандаги мактабгаа таълим ташкилотлари раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этдилар. Унда кўриб чиқилган асосий масалалар амалдаги қонунчилик ижросини таъминлаш, қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда таълим ташкилотлари ҳамда Федерация тизим ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик ҳамда ҳамкорлик олиб бориш, таълим ташкилотлари ишчи ходимларининг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини оширишдан иборат бўлди.
Қўштепа тумани
Туман жамияти масъуллари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Қўштепа туман бўлимида бўлишиб, бўлим масъул ходимлари иштирокида амалдаги қонунчилик, шунингдек тизим ташкилотлари ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ижросини таъминлашда яқиндан ижтимоий шериклик ҳамда ҳамкорлик олиб бориш масалаларида ўзаро фикр ва мулоҳазаларни алмашдилар.
Фарғона шаҳри
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Фарғона филиалида ўтказилган тадбир ҳудудий бирлашма ҳамда Марказий банк вилоят бош бошқармаси ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик Меморандуми асосида тасдиқланган чора-тадбирлар режаси асосида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлари ҳамда соҳага қонуности меъёрий ҳужжатлари мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилиб, банк муассасаси ҳамда Федерация ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Тизим ташкилотлари томонидан ўтказилаётган барча тадбирлар доирасида иштирокчиларнинг истеъмолчилик соҳасини янада ривожлантиришга оид фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтариб борилмоқда.



Post Comment