Фарғонада “Бутунжаҳон истеъмолчи ҳуқуқлари куни”га бағишланган тадбирлар давом этмоқда
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Фарғона вилоятидаги тизим ташкилотлари томонидан халқаро сана – “15-март – Бутунжаҳон истеъмолчи ҳуқуқлари куни”га бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар тизимли давом эттирилмоқда.
Учкўприк тумани
Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масъуллари ташаббуси билан ҳудуддаги 1 ва 2-политехникумларда “Барчамиз – истеъмолчимиз” шиори остида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. Тадбирларда ўқувчи ёшларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳиоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг фуқаролик жамиятида тутган ўрни ва аҳамияти, қонунларни ўқиш, ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш ишида ёшларнинг тутган ўрни ва роли, қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда ёшларнинг иштироки, олинган ҳуқуқий билимларни “тенгдош-тенгдош”га тамойили асосида ўз тенгқурларига етказиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Қўштепа тумани
Қўштепа тумани Ахборот-кутубхона маркази ходимлари ўртасида ташкилланган тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 15-март кунини “Бутунжаҳон истеъмолчи ҳуқуқлари куни” деб эътироф этилиши тарихи, мамлакатимизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг вужудга келиши ва тараққиёти, бу борадаги қонунчилик ҳамда унинг ижросига масъул давлат ва нодавлат ташкилотларининг вазифалари, истеъмол соҳасига оид муаммоларга дуч келинганда уларга мурожаат қилиш йўл-йўриқлари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Фурқат тумани
Фурқат туманидаги 51-давлат мактабгача таълим ташкилотида ташкилланган тадбир доирасида истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати тарихи ва тараққиёти, Ўзбекистон Республикасида бу борадаги қонунчиликни вужудга келиши ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларини эътироф этилиши, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг мазкур жараёнлардаги иштироки масалаларида сўз юритилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборотлар ҳам бериб ўтилди.



Post Comment