Дорини онлайн харид қилиш мумкинми? Қонун нима дейди?
Бугунги кунда интернет орқали турли товар ва хизматларни харид қилиш одатий ҳолга айланди. Озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший техника қаторида дори воситалари ва тиббий буюмларга ҳам онлайн буюртма бериш имкониятлари пайдо бўлмоқда. Аммо бу ерда муҳим савол туғилади: Ўзбекистонда дориларни интернет орқали харид қилиш мумкинми?
Қисқа жавоб — мумкин, аммо белгиланган қонунчилик талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда.
Дори ҳар қандай онлайн саҳифада сотилиши мумкин эмас
Амалдаги тартибга кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фақат дорихоналар ва уларнинг филиаллари томонидан амалга оширилади. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан ташқарида сотиш тақиқланган.
Шу боис, интернет орқали дори харид қилаётганда, энг аввало, маҳсулотни таклиф қилаётган субъектнинг қонуний дорихона эканига эътибор қаратиш лозим.
Яъни, ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай шахсий саҳифа ёки кимлиги аниқ бўлмаган аккаунтнинг дори сотиши уни қонуний дорихона сифатида қабул қилиш учун етарли асос бўлмайди.
Электрон тижорат орқали сотишга рухсат бор
Қонунчиликда электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш назарда тутилган. Бунда уларни сақлаш ва етказиб бериш тартиби ҳамда белгиланган талабларга қатъий риоя қилиниши шарт.
Бу талаб бежиз эмас. Чунки айрим дори воситалари муайян ҳарорат, намлик ва бошқа махсус сақлаш шароитларини талаб қилади. Нотўғри сақлаш ёки ташиш дори воситасининг сифатига ва хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин.
Шунинг учун истеъмолчи онлайн буюртма беришда фақат дори нархига эмас, балки уни ким сотаётгани, қандай шароитда етказиб берилаётгани ва маҳсулотнинг қонуний муомалада эканига ҳам эътибор қаратиши керак.
Рецептли дорига рецепт талаби сақланади
Онлайн буюртма қилиш имконияти рецепт билан бериладиган дори воситаларини рецептсиз харид қилиш мумкинлигини англатмайди.
Амалдаги тартибга кўра, дори воситаларини чакана реализация қилиш рецепт бўйича ёки рецептсиз амалга оширилади. Рецепт даволовчи шифокор томонидан берилади.
Демак, агар дори воситаси рецепт асосида бериладиган тоифага кирса, уни харид қилишда ҳам белгиланган рецепт тартибига риоя қилиниши лозим. Интернет орқали буюртма бериш бу талабни бекор қилмайди.
Қандай дори воситалари қонуний сотилиши мумкин?
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ёки дорихоналар томонидан белгиланган тартибда тайёрланган дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишга рухсат берилади.
Шу билан бирга, сифати тасдиқланмаган ёки муомалага қонунга хилоф равишда киритилган маҳсулотлардан эҳтиёт бўлиш зарур. Хусусан, сифати бузилган, яроқлилик муддати ўтган, қалбакилаштирилган, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни харид қилиш ҳамда чакана реализация қилиш тақиқланган. Сертификатланиши лозим бўлган дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатисиз сотишга ҳам йўл қўйилмайди.
Онлайн харидда истеъмолчи нималарга эътибор бериши керак?
Дори воситасига онлайн буюртма беришдан олдин қуйидагиларни текшириш мақсадга мувофиқ:
Биринчидан, сотувчи ким?
Дорини таклиф қилаётган субъект қонуний фаолият юритаётган дорихона эканини аниқлаш муҳим. Дорихоналар фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияга оид маълумотларни истеъмолчилар танишиши учун қулай тарзда жойлаштириши лозим.
Иккинчидан, дори ҳақида етарли маълумот борми?
Дорининг номи, дозаси, қадоқланиши ва бошқа муҳим маълумотларга эътибор бериш зарур. Дори воситасини харид қилишда истеъмолчи унинг сифати ва нархига оид маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.
Учинчидан, яроқлилик муддатини текширинг.
Яроқлилик муддати ўтган ёки сифати шубҳа уйғотадиган дори воситаларини харид қилманг.
Тўртинчидан, рецепт талаб қилинадими?
Агар дори рецепт асосида бериладиган бўлса, уни рецептсиз олишга уриниш тўғри эмас. Онлайн буюртма бериш ҳам белгиланган тартибни четлаб ўтиш воситаси бўла олмайди.
Бешинчидан, етказиб бериш шароитига қизиқинг.
Айниқса, махсус ҳарорат ёки сақлаш шароитини талаб қиладиган дори воситаларини етказиб беришда белгиланган талабларга риоя қилиниши муҳим. Электрон тижорат орқали реализацияда сақлаш ва етказиб бериш талабларига қатъий амал қилиниши шарт.
Олтинчидан, харидни тасдиқловчи ҳужжатни сақланг.
Дори воситаси ёки тиббий буюм сотилганда товар чекида маҳсулотнинг идентификация маълумотлари, уни берган шахс ҳақидаги маълумотлар, бериш санаси ва нархи кўрсатилиши белгиланган. Бундай ҳужжатлар кейинчалик низоли ҳолат юзага келганда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Дори воситаларини қайтариш мумкинми?
Бу масала ҳам ўзига хос ҳуқуқий тартибга эга. Амалдаги қоидаларга кўра, дорихонадан реализация қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар қайтариб олинмайди ҳамда шунга ўхшаш дори воситалари ва тиббий буюмларга алмаштирилмайди.
Шу сабабли дори харид қилишдан олдин унинг номи, дозаси, миқдори ва бошқа муҳим хусусиятларини яна бир бор текшириш мақсадга мувофиқ.
Шахноза Валиева,
Қувасой шаҳар жамияти раиси.



Post Comment