Бешариқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан туманда яшовчи фуқаро А.Хайитовнинг Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаати ўрганилди. Фуқаро мурожаатида тумангаз идораси томонидан унга 750000 сўм миқдорида қарз мажбурияти юклатилаётганлигидан норозилигини маълум қилган.
“Ҳудудгаз Фаргона” ГТФ Бешариқ туман бўлими мутахассислари билан биргаликда фуқаронинг хонадонида ҳамда газ идорасининг мижозлар бўлимида олиб борилган ўрганишлар фуқаро хонадони 2019 йил февраль ойидан газ ҳисоблагич ускуна кўрсаткичи бўйича тўловларни амалга ошириб келаётганлигини кўрсатди. Хонадоннинг 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига 84414,18 сўм қарздорлиги мавжуд бўлган.
Газ идораси базасида хонадон шахсий ҳисоб рақами ҳисоблагич кўрсаткичи 4211,0 м3 ни ташкил қилсада, хақиқатда хонадондаги мавжуд ҳисоблагич кўрсаткичи 2805,899 м3ни қайд этмоқда. Ўртадаги тафовут эса 1406,0 м3. Агар мазкур тавофут 1 м3 табиий газ истеъмоли учун бугунги тарифларда, яъни 380 сўмдан ҳисоб-китоб қилинганда хонадонга 534280 сўм ортиқча қарздорлик ҳисобланганлиги ойдинлашади. Аслида хонадондаги амалдаги ҳисоблагичнинг ҳақиқий кўрсаткичлари бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилганда, 2021 йилнинг июнь ойи ҳолатига истеъмолчининг 88621,7 сўм қарз мажбурияти мавжуд.
Бундай тавофут қаердан келиб чиқди? Ўрганиш ишлари вақтида тумангаз идораси масъулларининг маълум қилишларича, сўнги пайтларда штат бирликларининг қисқариши ҳисобига фуқаролар хонадонларида табиий газ истеъмоли ва унинг ҳисоблагич бўйича кўрсаткичларини хатлов асосида қайд этиб бориш кечикмоқда ва унинг натижаларини дастурий базага киритиб боришда муаммолар юзага келмокда.
Ўрганиш доирасида масъулларга ва фуқарога амалдаги қонунчилик асослари тарғиботи олиб борилиб, уларга хизмат кўрсатувчи ва истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам тушунтирилди.
Сўнгсўз ўрнида. Бугунги кунда хонадонлардаги табиий газ истеъмоли ҳисобини янги, замонавий типдаги газ ҳисоблагич ускуналар воситасида олиб борилиши учун вилоят бўйича барча истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагич ускуналари босқичма-босқич алмаштириб борилмоқда. Масъулларнинг маълум қилишларича, мазкур автоматлаштирилган тизимнинг жорий қилиниши билан, тизимда инсон омилининг таъсири янада камайтирилиб, истеъмол кўрсаткичлари онлайн тарзда қайд этиб борилади. Бу эса нафақат идора ходимларининг кўчама-кўча, хонадонма-хонадон сарсон бўлишларини олдини олади, балки хонадон ва идора базаси кўрсаткичларидаги тафовутларни ҳам бартараф қилади.
Бахтиёр Жўраев
Бешарик тумани ИҲҲҚЖ мутахассиси
Post Comment