Юртимизда савдо ва умумий овқатланишни тартибга солувчи қоидалар қабул қилинганига 20 йил тўлди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот оммавий коммуникациялар агентлиги директори ҳамда Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган “2023 йил январь-март ойларида ўтказиладиган медиа-тадбирлар режаси”га асосан Фарғона политехника институти ўқитувчи ва талабалари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирокида “Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганига 20 йил тўлди” мавзусида брифинг ва семинар ташкилланди.
Тадбирида ҳудудий бирлашманинг доимий ҳамкорларидан бўлган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Фарғона вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси масъул ходимлари ҳам иштирок этиб, мавзу юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 75-сон қарори 2003 йилнинг 13 февралида қабул қилинган. Мазкур қарорнинг 1-иловаси билан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”, 2-иловаси билан эса “Ўзбекистон Республикаси умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари” тасдиқланган. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасидаги норма, яъни олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланиши тўғрисидаги норма Қарорни қабул қилинишига асос бўлиб хизмат қилган.
Қарорнинг 1-иловаси билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” 19-бўлим ва 190 та банддан иборат. Юртимизда мазкур Қоидалар билан чакана савдо фаолияти тартибга солинади.
Кейинги йилларда киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар натижасида унга қўшилган “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларнинг воситачилик савдосининг хусусиятлари”, “Тармоқли маркетинг йўли билан чакана савдо қилиш хусусиятлари”, “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмлар савдосини интернет-дўконлар орқали амалга ошириш хусусиятлари”, “Савдо автоматидан фойдаланган ҳолда чакана савдо қилиш хусусиятлари” каби 4 та прим бўлимлар билан қоидалардаги бўлимлар сони 23 тага етган.
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 2 та иловаси бор:
– Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати (1-илова);
– Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модель, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати (2-илова)
Улар билан эса “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддаси (Истеъмолчининг мақбул сифатли товарни алмаштириб олиш ҳуқуқи) ҳамда 15-моддасида (Товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартиби) кўзда тутилган нормаларни амалга ошириш борасидаги масалалар ҳал этилади.
75-сонли қарорнинг 2-иловаси билан эса, мулкчилик шаклларидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий овқатланиш соҳасидаги барча хўжалик юритувчи субъектлар ишларига асосий талабларни тартибга солувчи “Ўзбекистон Республикаси умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари” тасдиқланган. Қоидалар 3 та бўлим ва 27 та банддан иборат.
Маълумот учун:
Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси тизимига 2022 йил давомида фуқаро (истеъмолчи)лардан келиб тушган 840 та мурожаатларнинг 24,3 фоизи ҳамда республика бўйича Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимига келиб тушган 13522 та мурожаатларнинг 49,7 фоизи айнан савдо масалаларида келиб тушган.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment