Шаҳар жамияти саъй-ҳаракатлари билан суд буйруғи бекор қилинишига эришилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Ўзбекистон тумани “Бузуққўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.М.нинг манфаатларини кўзлаб, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига киритилган Эътирознома мазкур суд идораси томонидан кўриб чиқилиб, фуқаронинг фойдасига ажрим чиқарилди.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК)нинг 170-моддасига биноан, суд буйруғи низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан берилган суд ҳужжатидир. Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кодекснинг 181-моддасида эса, суд буйруғини бекор қилиш тартиблари кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради.
Шаҳар жамияти томонидан судга киритилган Эътирозномада фуқаро М.М.га нисбатан “MAHSUS GARANT AVTO SERVIS” МЧЖ фойдасига 605 516 сўм коммунал хизмат учун қарздорлик суммаси, 16 500 сўм суд ҳаражатлари ва 330 000 сўм давлат божи ундириш тўғрисида чиқарилган суд буйруғини бекор қилиш сўралганди. Суд буйруғини бекор қилишга эса, фуқаро Фарғона шаҳридаги А.Қодирий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирига эгалик қилиши, хонадонда ҳеч ким яшамаслиги ва “MAHSUS GARANT AVTO SERVIS” МЧЖ билан қайта ҳисоб-китоб ишлари натижаларига кўра, мазкур ташкилотдан қарздорлик мавжуд эмаслиги бўйича маълумотнома олинганлиги, фуқаро томонидан шу кунга қадар ушбу ташкилотдан огоҳлантириш хатлари, даъво талабномаси каби ҳужжатлар олмаганлиги асос қилиб кўрсатилганди.
Эътирознома суд идорасида 2023 йил 10 июл кунида кўриб чиқилди ва суд ФПКнинг 271-273-моддаларини қўллаб, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 15.06.2023 йилдаги 2-1501-2302/30514-сонли суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқарди.
Азаматжон Бабаев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси
Post Comment