Харид қилинган мобил қурилмадаги кичик нуқсон бартараф этилиб, шартнома ўз кучида қоладиган бўлди
Риштон тумани “Сарой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Қ.Х. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиб, ўзи томонидан муддатли тўлов шартларида харид қилинган мобил телефон аппарати сотувчига қайтарилган бўлсада, унинг банк пластик картасидан пул ечилганлиги ҳолати юзасидан қолдирган шикояти савдо амалга оширилган жойнинг ҳудудий тегишлилиги бўйича Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.
Мурожаатчига кўра, у Бағдод туманидаги “Техномарт” савдо дўконидан умумий қиймати 8 737 350 сўм бўлган Samsung русумли мобил қурилмани муддатли тўлов шартларида харид қилади. Лекин мобил қурилмада нуқсон (ўз-ўзидан қизиб кетиш) кузатилгач сотувчига қайтариб топширади. Лекин бу орада унинг банк картасидан муддатли тўлов графиги доирасидаги маблағ ечиб олинади. Истеъмолчи ушбу ҳолатда телефон аппарати сотувчига топширилгани, яъни ундан фойдаланмаётган бўлсада, нега маблағ ечиб олинди, мазмунидаги шикояти билан Федерация ишонч телефонига мурожаат қилади.
Мурожаат савдо дўкони масъуллари иштирокида ўрганилганда, истеъмолчи ҳақиқатан ҳам ушбу дўкондан муддатли тўлов шартномаси асосида Smart Samsung Galaxy A73 мобил қурилмасини харид қилганлиги, нуқсон кузатилгандан сўнг қайтариб олиб келинган телефон аппарати ишлаб чиқарувчининг расмий сервис устахонасига текширишдан ўтказилиб, лозим ҳолатда таъмирлаш ишлари бажарилиши учун юборилганлиги маълум бўлди. Ўрганиш ишлари давомида мобил қурилма сервис устахонасидан келтирилиб, истеъмолчига соз ҳолатда топширилди. Истеъмолчи эса ўз навбатида уни қабул қилиб олиб, пластик картасидан ечилган маблағ муддатли тўлов учун йўналтирилишига розилигини билдирди.
Дилором Мирзаева,
туман жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment