Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларда жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари ўтказилди
Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”и, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сонли Фармони билан тасдиқланган “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўртасида 2023 йилнинг 30 май кунида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисида Меморандум, шунингдек Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Уставига мувофиқ, қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларда Вазирлар Маҳкамасининг 25.05.2011 йилдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом” талаблари ижроси таъминланиши ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 9-моддасига кўра, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг 25.05.2011 йилдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом” (қарорга 3-илова), юридик шахслар томонидан қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни белгиланган тартибда амалга ошириш тартибини белгилайди. Бундан кўринадики, ушбу соҳада фаолият олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектлар ўз фаолиятларини мазкур Низомда белгилаб берилган тартибда амалга оширишлари лозим.
Ўрганиш давомида Фарғона вилоятининг 14 та маъмурий-ҳудудий бирлигида ушбу фаолиятни амалга оширувчи 18 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти билан танишилганда, юқоридаги Низом талабларини тўлақонли ижроси таъминланмаганлиги ҳолатларига ҳам дуч келинди.
Ўрганилган 18 та субъект бўйича транспорт воситаларини сақлаш назарда тутилган жами тўхташ жойлари сони 3 490 та бўлиб, шуларнинг 1 935 таси усти ёпиқ ҳолатда сақлашга, 1 166 таси эса тўлиқ очиқ осмон остида сақлашга мўлжалланган бўлиб, шулардан 7 та субъектда автотранспорт воситаларини усти ёпиқ бино (иншоот) остида сақлаш учун шароитлар қилинмаган ва улар тўлиқ очиқ осмон остида сақланади.
Низомнинг 5-бандида, транспорт воситаларини сақлаш жойлари транспорт воситаларини сақлаш учун мўлжалланган тўхташ жойларини жойлаштириш ва жиҳозлашга қўйиладиган техник шартлар талабларига, шу жумладан бошқа бир қатор талабларга жавоб бериши керак. Яъни бу жойлар ҳудуди қаттиқ қоплама билан қопланиши, кузатув камералари, ёритиш, ахлат тўплаш учун контейнерлар, сувни тиндирадиган ёмғир канализацияси, ёнғинга қарши воситалар мавжуд бўлиши лозим.
Ўрганишда 18 та субъектларнинг 9 тасида хўжалик юритувчи субъектнинг автомобилларни сақлаш учун мўлжалланган ҳудуди ё қаттиқ қоплама билан тўлиқ қопланмаганлиги ёки умуман қопланмаганлиги кузатилди. Субъектларнинг 5 тасида ахлат тўплаш учун контейнерлар, 9 таси ҳудудида сувни тиндирадиган ёмғир канализацияси мавжуд эмас. Уларнинг 4 тасида ёнғинга қарши воситалар тўлиқ шакллантирилмаган, 2 тасида эса умуман мавжуд эмас ёки ўрганиш кунида кўрсатиб берилмаган.
Низомга кўра, ҳудуд 2 метрдан паст бўлмаган темир-бетон (металл, ғишт, шлакоблок) девор билан ўралган бўлиши лозим бўлиб, ўрганилган субъектларнинг 3 тасида ушбу деворларнинг баландлиги талаб даражасида эмаслиги ёки тўлиқ ўралмаганлиги қайд қилинди.
Низом талабларида кириш (чиқиш) дарвозларининг кенглиги камида 4,5 метр бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган бўлсада, субъектларнинг 6 тасида улар ушбу нормадан кам бўлиб, 3 метрдан 4,25 метргачани ташкил қилиши кузатилди.
Тартиб-қоидаларга кўра, назоратчи кассирнинг хонаси кириш (чиқиш) учун ажратилган жойга туташган бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилган бўлиб, 3 та ҳудуддаги субъектларда улар кириш (чиқиш) жойидан бошқа жойда жойлашганлиги, кириш (чиқиш) жойининг назоратчи кассир хонаси ташқи қисмига кўринарли жойида ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатишнинг тарифлари ва шартлари тўғрисида йирик ҳарфларда маълумот жойлаштирилиши тўғрисидаги қоидага 4 та субъектларда амал қилинмаганлиги қайд қилинди.
Қонунларда хизмат кўрсатиш жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун белгиланган ҳажмларда алоҳида шароитлар ташкил қилиниши лозим бўлиб, Низомда ҳам ушбу талаб назарда тутилган ва бундай шахслар учун камида иккита тўхташ жойи мавжуд бўлиши лозим бўлсада, ўрганилган субъектларнинг 7 тасида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жихозланган тўхташ жойлари ташкил қилинмаганлиги кузатилди.
Низом талабларига кўра, битта транспорт воситасининг тўхташ жойи учун ҳисобланган майдон 20 кв метрга тенг деб қабул қилиниши белгиланган бўлиб, 10 та субъектларда тўхташ жойи учун ҳисобланган майдон ушбу нормадан кам, 18 кв метргача ва ундан ҳам кам қилиб олиниши ҳолатларига дуч келинди.
Ўрганилган субъектларнинг 6 тасида алоҳида телефон алоқаси бўлсада, ички ишлар органлари нарядларини тез чақириш кнопкаси билан таъминланмаганлиги, уларнинг 5 таси эса ҳар иккиси билан ҳам таъминланмаганлиги кузатилди.
Шунингдек, ўрганиш давомида тўхташ жойида ҳудудга бегона шахсларни қўйиш, транспорт воситаларини уларни жойлаштириш режасини бузган ҳолда тўхташ жойларининг ҳисобланган сонидан ортиқча қабул қилиш ва жойлаштириш, транспорт воситалари ўртасидаги масофани камайтириш каби Низомда тақиқланган ҳолатларга дуч келинди.
Шунинг билан биргаликда, 5 та субъектда аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун бўлиши шарт бўлган Назорат касса машинаси ва тўлов терминалининг мавжуд эмаслиги, 9 та субъектларда Низомнинг 8-бандида транспорт воситаларини сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек уларни ташиш (эвакуация қилиш) харажатлари учун ҳақ тўлаш кўрсатилган хизматларни кўрсатувчи юридик шахс томонидан тасдиқланган, бироқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган чекланган миқдорлардан юқори бўлмаган тарифлар бўйича амалга оширилаётганлиги билдирувчи прескурантларни аҳоли (истеъмолчилар) эътиборига етказилмаганлиги ҳолатлари ҳам кузатилди.
Ўтказилган жамоатчилик мониторинги якунлари бўйича жамлама маълумотнома Фарғона вилоят ИИБ ЙҲХБга ваколати доирасида тегишли чора-тадбирларни белгиланиши учун чиқарилди.
Post Comment