Шартнома бекор қилинган бўлса-да, олдиндан тўлов суммасини қайтариш ишлари чўзиб юборилган
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Самарқанд вилояти Иштихон туманилик С.О.нинг онлайн савдо воситасида телефон аппарати харид қилиш учун олдиндан тўлов суммасини тўлагани, лекин у тўловни амалга оширган дўконда ушбу мобил қурилмадан сотувда қолмагани сабабли шартномани бекор қилиб, олдиндан тўлов суммасини қайтариб ололмаётганлиги хусусида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, у интернет орқали Марғилон шаҳрида жойлашган савдо дўконига уяли телефон аппаратига буюртма қилиб, шартномани расмийлаштириш учун зарур бўлган 100 000 сўм олдиндан тўловни ҳам амалга оширган. Расмийлаштириш ишлари амалга оширилгандан сўнг дўконда истеъмолчи буюртма қилган русумдаги телефон аппаратидан сотувда қолмагани маълум бўлган. Истеъмолчи шартномани бекор қилиб, тўлаган пулини қайтаришларини сўраган. Бироқ бу ишлар бироз чўзиб юборилгач, ушбу масалани қонуний ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерация ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Мурожаатни Марғилон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида шаҳардаги “House mobile” савдо дўкони масъуллари билан учрашилиб, юзага келган ҳолатга аниқлик киритилгач, ўрганиш ишлари жараёнини ўзида истеъмолчи С.О. томонидан амалга оширилган 100 000 сўм олдиндан тўлов суммаси унинг банк пластик картасига қайтарилиб, муаммони бартараф этилишига эришилди. Ўрганиш ишлари доирасида томонларга амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари тарғиботи олиб борилди.
Нигора Усмонова,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment