Истеъмолчи ўзига таклиф этилган янги автомобилдаги нуқсонлар сабаб уни қабул қилишдан бош тортди

Фарғона шаҳар Зебо кўчасида истиқомат қилувчи А.С. Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг ишонч телефонига мурожаат қилиб, унга таклиф қилинаётган автомобилда нуқсон борлиги ва лекин автосалон томонидан автомобилни бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилмаётганлигидан шикоят қилган.

Истеъмолчи ўз мурожаатида маълум қилишича, “GENTRA” русумли автомобилни харид қилиш учун “Avtotexxizmat-F” автосалонига 115 607 000 (бир юз ўн беш миллон олти юз етти минг) сўм тўловни, яъни 100 фоизлик олдиндан тўловни амалга оширган. Лекин унга таклиф этилган автоуловда нуқсонлар борлиги (эшиклари чоклари бир-бирига тўғри келмаслиги, автоуловни олд қисми бамперида бўёқ кўчганлиги ва х.к) сабабли қабул қилмаган. Автосалон ходимлари эса унга ана шу автомобилни қабул қилиб олишини, нуқсон эса ўз усталари томонидан бартараф этиб берилишини билдиришган.

Амалдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарларни эркин сотиб олишга ҳақли бўлиб, бунда сотувчи истеъмолчига мақбул сифатли товарни мулк топшириш мажбуриятини, истеъмолчи эса шартлашилган пулни тўлаб беришни ўз зиммаларига оладилар. Шу моддага кўра, истеъмолчи сотиб олинаётган товарни сифатини ва бутлигини текшириб олиш ҳуқуқига ҳам эга. Демак, истеъмолчи шартлашилган пулни тўлаш билан ўз мажбуриятини тўлиқ адо этгани ҳолда, товарнинг сифати ва бутлиги юзасидан ўзининг ҳақли эътирозларини ҳам билдирган.

Мазкур мурожаат Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушгач, жамият ходимлари Р.Мараджапов ва Ш.Охуновлар томонидан тезкорлик билан ўрганиб чиқилди. Автосалон масъуллари билан учрашилиб, уларга амалдаги қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатлари тарғиботи ўтказилди. Натижада истеъмолчига мақбул сифатдаги “GENTRA” русумли автоулов тақдим этиллишига эришилди.

Мурожаатини ўрганиш натижаларидан қониқиш ҳосил қилган истеъмолчи Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида фаолият кўрсатаётган жонкуяр ходимларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Баходирхон Усмонов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси