Ҳамкорлик алоқалари янада яхшиланмоқда

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари “Таянч гуруҳлари билан ишлаш ойлиги” доирасида 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб интернати ходимлари билан “Истеъмолчилар таълим сифатидан қониқяптими?” мавзусида давра суҳбати ўтказдилар.

Дастлаб тадбир иштирокчиларига Федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларида олиб борилаётган ишлар ва келгусида амалга ошириладиган истиқболли режалар ҳақида ахборотлар бериб ўтилди. Туман жамияти вакиллари ва таянч гуруҳи аъзолари истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билимлари ва истеъмол маданиятини янада ошириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишларида олиб борилаётган ишларни сон ва сифат жиҳатидан яхшилаш борасида ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашдилар. Шунингдек тадбир иштирокчиларининг қийнаб келаётган муаммолари юзасидан берган саволларига жавоблар қайтарилди.

Шундан сўнг барчанинг истеъмолчилигидан келиб чиқиб, таълим масканида ёшларга билим бериш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада эришилаётган ютуқлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар, Федерация тизимидаги ташкилотларга келиб тушаётган таълим соҳасига оид мурожаатларда кўтарилаётган масалалар тўғрисида фикр ва мулоҳазалар алмашилди.

Ўтказилган тадбир якунларига кўра, туман жамияти ва таълим ташкилоти ўртасидаги ижтимоий шериклик ва ҳамкорликни давом эттириш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилашга келишиб олинди.

Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ туман жамияти мутахассиси