Солиқ бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Фарғона вилоят солиқ бошқармасида “Солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Фарғона вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Адхамжон Тиллаволдиев анжуманни кириш сўз билан очиб, солиқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳани рақамлаштирилиши натижасида юртимиз тадбиркорлари учун тенг рақобат муҳити яратиш, пировардида солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумотлар бериб ўтди.

Таъкидландики, вилоятда бу борадаги ишларни самарали ташкилланиши билан 2022 йил биринчи ярим йиллигида бюджет тушумлари 2 трлн. сўмдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсишига эришилган.

Ҳудудда солиқ маъмурчилиги, яратилаётган имкониятлар, берилаётган енгиллик ва преференциялардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, ўз бизнесини самарали ташкил этиб, солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаб бораётган инсофли тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этсада, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бу ишга панжа остидан қараб, тўловларни турли важлар билан ортга суриб келаётган тадбиркорлик субъектлари ҳам йўқ эмас. Уларга эса қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, анжуман доирасида маҳаллий бюджет даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, иқтисодиётда хуфёна айланмани қисқартириш, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш йўналишида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юзасидан ҳам атрофлича маъулмотлар бериб ўтилди ҳамда ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди..

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Суратларни ЎзА фотомухбири Муқимжон Қодиров олган