Сотиб олинган товар сифати ва бутлигини ўрнида текшириб олиш ҳуқуқи таъминлаб берилмаслиги турли тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда

Ўзбекистон туманида истиқомат қилувчи фуқаро К.Я.нинг “Узум маркет” иловаси орқали харид қилинган товарнинг қадоғи бузилган ҳамда шартномада келишилганидан бошқа маҳсулот ҳолида чиққанлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг маълум қилишича, у товарни уйга келтириб очиб кўриши давомида маҳсулотнинг қадоғи бузилган ҳолатдалигини, камига ушбу маҳсулот ўзи буюртма берган маҳсулотдан бошқа маҳсулот эканлигини кўради. Агар маҳсулотни истеъмолчининг қўлига топширилиши жараёнида, амалдаги қонунчиликка кўра, сотиб олинган товар сифатини, бутлигини ўрнида текшириб олиш ҳуқуқи таъминлаб берилганида эди, ушбу ноҳуш ҳолатнинг олди олинган бўлар эди.

Мазкур мурожаат ҳудудий тегишлилиги бўйича Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида истеъмолчи билан боғланилиб ҳолатга янада ойдинлик киритиб олингач, “Узум маркет”нинг Яйпан шаҳридаги тарқатиш пунктига алоқа хати орқали мурожаат қилинди.
Мазкур алоқа хатига юборилган жавоб хатида истеъмолчи мурожаатида кўрсатилган этирозлар тўлиқ бартараф этилиши, истеъмолчи томонидан олинган маҳсулотни ўз ҳоҳишига кўра алмаштириб олиши ёки унинг учун тўланган 177 000 сўм пулини қайтариб олиши мумкинлиги маълум қилинди.

Исомиддин Аббасов,
туман жамияти мутахассиси.