Сифатига норозилик билдирилган мобил қурилма алмаштирилди

Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Саидобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Г.нинг қийматини бўлиб тўлаш шартларида харид қилинган товарнинг сифати талаб даражасида эмаслиги ва уни алмаштирилишида амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг сўзларига кўра, у туманда фаолият олиб бораётган “Ишонч” дўконлар тармоғидан 12 ой давомида бўлиб тўлаш шартлари бўйича шартнома қиймати 4 614 282 сўм бўлган Xiaomi Redmi Note русумли мобил қурилмани, ойлик 384 500 сўмдан тўлаб бориш шартларида харид қилади ва уйига келтириб фойдаланиши жараёнида алоқа ва интернет сифатининг ўта пастлигини кузатади. Буни мобил компания антенналари қамровидан бўлиши мумкинлигини гумон қилган истеъмолчи яшаш жойига яқин бошқа ҳудудларда ҳам ишлатиб кўради, лекин ўзгариш сезилмагач сотувчи ҳузурига келиб ўзи нуқсонли деб гумон қилган мобил қурилмани бошқасига алмаштириб беришларини сўрайди. Бу борада ўз кучи билан ижобий натижага эриша олмагач эса туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчига олди-сотди жараёнида сотувчи ўзи реализация қилаётган товар ҳақида ўз вақтида зурур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши, муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт. Қонунчиликнинг амалдаги талабларини тўлақонли бажарилмаслиги эса сотувчи учун келгусида турли нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

Мурожаат ўрганилиши жараёнида сотувчи билан ушбу ҳолатлар бўйича музокаралар олиб борилди. Ўрганиш ишлари эса истеъмолчининг қўлидаги мобил қурилмани бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиши билан якун топди.

Дилором Мирзаева,
туман жамияти мутахассиси.