Бош Прокуратура истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилди

Бош Прокуратура истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилди

Фуқароларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, бу борадаги ҳуқуқбузилиши ҳолатларини бартараф этилишида прокуратура органлари томонидан олиб борилаётган ишларнинг салмоғи катта, албатта. Шунингдек, прокуратура органларига келиб тушаётган истеъмолчилик соҳасига оид мурожаатларни ўрганиш ишларига Федерация ва унинг ҳудудий органлари вакилларининг жалб қилинаётганлиги, бу борада ижтимоий шериклик ва ҳамкорлик олиб борилаётганлиги ҳам эътиборга молик. Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро М.Соиповнинг чиқинди йиғиш корхонаси томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун фуқаролардан тўлов талаб қилинаётганлиги ҳолати юзасидан Бош прокуратуранинг 1007 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаатини ўрганиш ишларига шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларини жалб қилинганлигини бунинг ёрқин мисолларидан бири, дейишимиз мумкин.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 8-моддасига кўра, истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Мазкур қонуннинг 21-моддасида эса ижрочи истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги ҳам кўрсатиб ўтилган. Демак, ушбу ҳолат истеъмолчи ва чиқинди ташиш корхонаси ўртасида шартнома имзоланишини ҳамда шундан сўнг кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўланишини талаб қилади. Ўрганувлар давомида аниқланишича, истеъмолчи М.Соипов ва у истиқомат қилувчи ҳудудга хизмат кўрсатувчи чиқинди йиғиш корхонаси ўртасида шартнома имзоланмаган. Лекин Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 май кунидаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3730-сонли қарори 3-банди 3-хатбошисига кўра, жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари оммавий шартномалар асосида кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Маълум бўлишича, ижрочи корхоналар томонидан ушбу қарор кучга кирганидан сўнг оммавий шартномалар тузилган. Лекин қарор эълон қилингунга қадар бўлган даврлар учун, яъни М.Соиповдан, шартнома мавжуд бўлмагани ҳолда, 2017-2018 йиллар (май ойигача) даври учун қарздорлик ҳисобланиб, тўлов талаб қилиниши қонун талабларига зид ҳисобланади.

Ўрганиш ишлари натижаларига кўра, истеъмолчидан асоссиз қарздорликни тўлаш бўйича даъво қилиш ҳолатлари ижрочи шахслар томонидан бартараф этилишига, истеъмолчи ҳуқуқ ва манфаатлари тиклаб берилишига эришилди. Натижада истеъмолчининг Бош Прокуратурага қилган мурожаати ижобий хал этилди.

 

Абдусатторбек Нўмонов

Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти раиси вазифасини бажарувчи

(юқорида иллюстратив расм)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin