Истеъмолчининг тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқи таъминлаб берилиши керак
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, истеъмолчилар товар (иш, хизмат) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эгалар. Мазкур қонуннинг 6-моддасига кўра эса, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Лекин амалиётда хизмат кўрсатувчилар томонидан қонуннинг мазкур талабларига амал қилмаслик ҳолатларига ҳам дуч келиб қолинмоқда. Бунга Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти иш фаолиятидан бир-иккита мисоллар келтириб ўтайлик.
Водил шаҳарчасида яшовчи В.Якубовга “Сувоқава” ДУК туман филиали ходимлари ичимлик сувидан 607892 сўм қарздорлиги мавжудлигини билдиришган. Ушбу ҳолатдан таажубланган истеъмолчи туман жамиятига оғзаки шаклда мурожаат қилиб, ўзининг эътирозларини билдирган ва ҳолатга аниқлик киритилишида амалий ёрдам сўраган. Туман жамияти ходимлари томонидан ҳолатни ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчининг хонадонидаги мавжуд сув ҳисоблагич жорий йилнинг феврал ойида қиёслов кўригидан ўтказилган, соз ҳолатда, ҳисоблагич 00772 метр куб кўрсаткичгача ишлаганлигини кўрсатиб турибди. Истеъмолчи томонидан ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида тўловлар амалга ошириб борилмоқда. Мурожаатни ўрганиш юзасидан олиб борилган ишлар қарздорлик истеъмолчи хонадонидаги сув ҳисоблагични навбатдаги қиёслов кўригидан ўтказиш оралиғида юзага келган тушунмовчиликка бориб тақалишини кўрсатди. Қайта ҳисоб-китоб ишлари олиб борилиб, истеъмолчининг сув ҳисоблагичнинг 00772 метр куб кўрсаткичига қарздорлиги мавжуд эмаслигига аниқлик киритиб берилди.
Ёшларобод қишлоғида яшовчи Х.Юсуповага МИБ туман бўлими табиий газдан 472146 сўм қарздорлиги ҳақида талабнома тутқазгандан сўнг, у туман жамиятига ариза билан мурожаат қилиб, 2015 йилда унинг томонидан барча ҳисоб-китоблар тўлиқ бажарилгандан сўнг хонадонига янги газ ҳисоблагич ўрнатиб берилганлиги, шундан буён ўтган давр ичида ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича тўловларни амалга ошириб келаётганлигини, қўлига талабнома берилганидан сўнг, мазкур идорага ва табиий газ етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи идорага бориб, масалага ўз кучи билан аниқлик кирита олмаганлигини баён қилган. Истеъмолчининг мурожаати асосида ўтказилган ўрганишлар эса, унинг эътирозлари ўринли эканлигини кўрсатиб берди. Маълум бўлишича, истеъмолчи томонидан тўловлар тўлиқ ва тўғри амалга ошириб келинган, бироқ 2017 йил апрел ойида газ идораси ходимлари томонидан адашмовчилик натижасида “Биллинггаз” дастурига нотўғри кўрсаткич киритиб юборилганлиги юқоридаги қарздорликни келиб чиқишига сабаб бўлган. Олиб борилган қайта ҳсиоб-китоблар эса истеъмолчи ҳисоблагичининг амалдаги кўрсаткичлари бўйича 309 метр куб газга ҳақдорлигини кўрсатди.
Аввал шаҳарчасида яшовчи Н.Мирзаев билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. У ўз мурожаатида почта алоқа тармоғи орқали фойдаланилган табиий газ учун навбатдаги тўловларни амалга ошириб, МИБ туман бўлимидан тўловларни тўғри тушган ёки тушмаганлигини сўраганида, унга табиий газдан 899000 сўм қарздорлиги борлигини, қарздорлик эса хонадонда ностандарт горелкадан фодаланилаяпти, деган мазмунда аввалроқ тузилган далолатнома асосида келиб чиқаётганлигини билдиришган. Табиийки, истеъмолчининг “Ҳеч қанақа акт-пактдан хабарим йўқ”, деган важлари инобатга олинмаган. Туман жамияти томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчининг табиий газ учун амалга оширган тўловлари асосида қайта ҳисоб-китоб ишлари ўтказилди. Натижада фуқаро томонидан амалга оширилган тўловлар хонадондаги мавжуд газ ҳисоблаш ускунасининг 3839 метр кубигача бўлган кўрсаткичига қадар етиши ва ҳисоблагичнинг амалдаги кўрсаткичидан 411 метр кубга ортиқлигини кўрсатди. Истеъмолчига табиий газ тўловларидан 131520 сўм ҳақдорлиги тўғрисида жавоб хати тақдим қилинди.
Хулоса ўрнида. Ҳукуматимиз томонидан юқоридаги соҳаларда истеъмолчилар ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги муносабатларни тўғри изга солиш, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, амалга оширилган тўловларни тўғридан-тўғри истеъмолчиларнинг шахсий ҳисоб-рақамларида акс этишини таъминлаш, қарздорлик/ҳақдорлик масалаларида шаффофликни таъминлаш, жараёнда инсон омилининг ўрни ва ролини камайтириш, унинг томонидан келтириб чиқарилаётган ноўрин ҳаракатларни бартараф қилиш, бунда эса автоматлаштирилган тизим имкониятларидан кенг фойдаланиш юзасидан олиб борилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, истеъмолчиларни кундалик турмуш жараёнида мамлакатимиз бойлиги ҳисобланган электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан тўғри, самарали ва оқилона фойдаланишга, фойдаланилган энергия ресурслари учун тўловларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириб боришга, хизмат кўрсатувчи идоралар масъулларига эса амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан, шунингдек истеъмолчилар билан тузилган шартномаларда уларнинг зиммаларига юклатилган мажбуриятларни тўғри ва тўлиқ ижросини таъминлаб боришга чақириб қоламиз.
Жаҳонгир Нишонбоев
Фарғона туман ИҲҲҚ жамияти ҳуқуқий ҳимоя бош мутахассиси
(юқорида иллюстратив расм)
Post Comment