Қарс икки қўлдан чиқади

Қарс икки қўлдан чиқади

Истеъмолчи томонидан бирор товар ёки хизматни тўғри танлаб, сотиб олиниши жараёнида унга нафақат мазкур товар ёки хизмат ҳақида, балки маълум маънода шу товарни қандай ишлатиш, хизматдан қандай фойдаланиш борасида ҳам қўшимча маълумотлар берилиши мақсадга мувофиқ. Агар товар истеъмол кредити шартларида олинаётган бўлса, истеъмолчи билан савдо дўкони ўртасида муддатли шартнома тузилиб, тўлов шартлари тушунтирилиши лозим. Афсуски, юртимиздаги истеъмолчилик соҳасига оид айрим муаммо ва тушунмовчиликлар айнан сотувчи (хизмат кўрсатувчи)лар томонидан истеъмолчиларга етарли даражада маълумот ва тушунтириш бера олмаслик, истеъмолчилар эса товар (иш, хизмат)ларга буюртма бериш ва сотиб олиш вақтида берилаётган маълумотларга, шартнома шартларига эътиборсизлик билан қарашлари натижасида келиб чиқмоқда.

Агар қуйида келтирилаётган ҳолатда кредит савдо дўкони ходими истеъмолчига тўлов шартлари бўйича ўз вақтида етарли даражада тушунтириш бериб, унга эътиборсизлиги натижасида келиб чиқадиган оқибатлар ҳақида тушунтиришлар бера олганида, истеъмолчи ҳам ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тўла-тўкис англаб олганида эди, ҳар икки томон ҳам бугун бундай ҳолатга тушмаган бўларди? Қандай тушунмовчилик, дейсизми? Яхшиси, ўзингиз воқеа тафсилоти билан танишиб чиқсангиз гап нима ҳақда эканлигини билиб оласиз.

Учкўприк туманида яшовчи М. Б. Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, тумандаги кредит савдо дўконидан 2018 йил июль ойида маиший техникалар сотиб олганлиги, жорий йилнинг июль ойига қадар кредит тўловларини тўлиқ амалга оширганлиги, лекин савдо дўкони ходими унга 3 ойлик тўловларни тўламаганини айтаётганлигини маълум қилиб, ушбу масалага ойдинлик киритилишида амалий ёрдам сўраган.

Маълум бўлишича, М. Б. тумандаги кредит савдо дўконидан ўзига уяли телефон ва турмуш ўртоғи номига телевизор ва кир ювиш машинаси сотиб олган. Кредит савдо дўкони ва истеъмолчи ўртасида товарлар умумий қийматини 12 ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан олди-сотди шартномаси тузилган.

Мурожаатда келтирилган важларга аниқлик киритиш мақсадида М. Б. дан тўловлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш сўралганда, у 10 ойлик, жами 2 669 000 сўмга тенг бўлган тўлов чекларини тақдим эта олди, холос.

Кредит-савдо дўкони томонидан тақдим этилган маълумотнома орқали эса тўлов чеклари солиштирилганда, истеъмолчининг ойма-ой тўланиши лозим бўлган ва муддати ўтган тўловлардан жами бўлиб 1 170 200 (бир миллион бир юз етмиш минг икки юз) сўм миқдорида қарздорлиги мавжудлиги маълум бўлди. Истеъмолчига юзага келган қарздорликни бартараф қилиш лозимлиги бўйича тушунтиришлар берилди.

Бугунги кунда аҳолининг кўпчилик қисмида истеъмол кредитига товарлар сотиб олиш бўйича маълум тажриба мавжуд. Яна шуниси ҳам маълумки, агар Сиз кредит тўловларини бир кунга кечиктирсангиз, ушбу ташкилот масъуллари Сизга тинимсиз қўнғироқлар қилиб, тўловни амалга оширмагунингизгача ҳоли-жонингизга қўйишмайди. Энди ҳақли савол туғилади. Нега кредит савдо дўкони истеъмолчи М.Б. га тўловларни икки ойлаб кечиктиришига йўл қўйиб берди? Тўғри шартнома бор, лекин шундай бўлсада, нега истеъмолчини бирор марта ёзма равишда огоҳлантириб, шартнома шартларини бир марта бўлсада эслатиб, инсофга чақирмади? Натижада эса, истеъмолчи тўловларни тўлиқ тўлаб бўлдим, деб хотиржамликка берилишига, орадан вақтлар ўтиб, муддати ўтган қарздорлик келиб чиқишига сабабчи бўлиб қолди. Энди тасаввур қилиб кўрайлик. Агар ушбу ҳолатда сотувчи томони судга мурожаат қилиб, истеъмолчидан тўловларни ундириш бўйича даъво киритди, дейлик. Суд сотувчидан истеъмолчини тўловларни кечиктираётганлиги тўғрисида бирор марта бўлсада ёзма равишда огоҳлантирганлиги исботини сўрайдику. Биз истеъмолчиларни ҳуқуқий билимли бўлишга чақирамиз, бирор кор ҳол бўлса дарров уларни айблашниям бошлаб юборамиз, лекин сотувчи (ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи) сиймосида алоҳида хўжалик юритувчи субъект сифатида майдонга чиқдикми, авваламбор ўзимизнинг ҳуқуқий маданиятимиз борасида ҳам ўйлаб кўришимиз керакмасми? Халқимиз “Қарс икки қўлдан чиқади”, деб бежизга айтмаганлигини ҳам унутмайлик.

Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,

Учкўприк тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin