Ҳудудий бирлашма раиси ўтган йил якунлари ва жорий йилдаги режалар билан ўртоқлашди
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси Рахмоналиев Ахроржон Асқаралиевич.
– Аҳроржон Асқаралиевич, дастлаб Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ва унинг таркибидаги туман ва шаҳар жамиятлари тўғрисида қисқача маълумотларни келтириб ўтсангиз.
– Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасига 2003 йилнинг 8 январь кунида Таъсисчилар конференциясида асос солинган. Бугунги кунда ҳудудий бирлашма тизимида 4 та шаҳар ва 15 та туман жамиятлари фаолият олиб бормоқда. Тизимда юз нафарга яқин ходимлар меҳнат қилмоқда. Федерациянинг Фарғона вилоятидаги аъзолари сони 100 минг нафардан ортиқроқдир. Улар 400 га яқин корхона, ташкилот, идора ва муассасаларда ташкилланган таянч гуруҳларига бириктирилган.
Ҳудудий бирлашма ўз балансидаги маъмурий биносига эга. Ходимлар учун зарурий меҳнат шароитлари яратиб берилган. Эътиборлиси, бугунги кунга келиб, Марғилон шаҳри, Фарғона, Риштон ва Бағдод туман жамиятлари ҳам ўз мулкларидаги маъмурий биноларга эга бўлдилар. Вилоятдаги 19 та жамиятнинг 13 таси ўз хизмат автомобилларига эга.
– Ўтган йилда қандай янги лойиҳаларга қўл урилди?
– Албатта, биз асосий эътиборни вилоятимиз аҳолисининг истеъмолчилик ҳуқуқий билим савияси ва истеъмол маданиятини янада оширишга қаратаяпмиз. Бу борада эса ўтган йил бошида Федерация марказий аппарати томонидан бир қатор вазирлик, идора ва муассасалар билан ҳамкорликда имзоланган чора-тадбирлар режалари қўл келди. Ана шу чора-тадбирлар режалари асосида юқоридаги вазирлик ва идораларнинг вилоятимиздаги 1000 дан ортиқ ҳудудий ташкилотларига, қуйи тузилмаларига кириб, улардаги ишчи ходимлар ўртасида турли форматдаги тадбирларни ташкилладик. Ана шу тадбирлар доирасида аҳоли (истеъмолчилар)дан келиб тушган таклифлар асосида эса жорий йилда янги-янги лойиҳаларни режалаштириб турибмиз.
Шу ўринда, ёшлар билан боғлиқ лойиҳаларга тўхталиб ўтсам, сабаби мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ёшлар ташкил қилади. Ўтган йилда ҳудудий бирлашма раисининг вилоят ёшлари билан “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси асосидаги учрашуви ўзгарчароқ шаклда ўтказилди. Ҳар бир туман ва шаҳардан Федерация фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган бир нафардан ёшларни тақдирладик. Шунингдек, вилоят ёшлари ўртасида биринчи маротаба истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик асослари юзасидан “Брейн-ринг” интеллектуал ўйини ташкилланди. Вилоятимиздаги ёш тадбиркорлар ўртасида “Истеъмолчилар эътирофига сазовор ёш тадбиркор” номинацияси ғолиблари аниқланиб, уларнинг ичидан 3 нафари муносиб тақдирланди. Бу каби тадбирларни вилоят ёшлари ўртасида жорий йилда ҳам давом эттирмоқчимиз.
– Билишимизча, ўтган йилда Федерация ташаббуси билан республикада 6 та “Истеъмолчи кутубхонаси” бунёд этилиб, шуларнинг 4 таси Фарғона вилоятида қуриб битказилиб, ишга туширилди.
– Тўғри. Федерация марказий аппарати томонидан “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳаси эълон қилингач, лойиҳа ва уни амалга оширишдан кўзда тутилган мақсад ва вазифалар туман ва шаҳар жамиятлари раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Улардан лойиҳани вилоятимизда амалга ошириш бўйича таклифлар олдик. Шундан сўнг, енг шимариб ишга киришилди. Албатта, лойиҳани вилоятимизда мувоффақиятли амалга оширилишида Федерация раиси Жаҳонгир Тошпулатовичнинг алоҳида муносиб ҳиссаси бор. У киши лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган туманлар ҳокимларига бир неча бор шахсан учрашиб, ушбу хайрли ишларнинг бошида турганлиги бизга катта далда бўлди. Натижада Олтиариқ, Риштон, Бағдод ва Фарғона туманларида мазкур лойиҳалар ўз муддатларида ниҳоясига етказилди, Фарғона шаҳри, Данғара ва Қўштепа туманларида эса “Истеъмолчилар уйи” лойиҳалари жадал суратлар билан давом эттирилмоқда. Эътиборлиси, шу кунга қадар амалга оширилган ва тарих зарварақларига ёзилишга улгурган лойиҳаларнинг ҳар бири нимаси биландир ўзига хосдир. Олтиариқда қуриб ишга туширилган “Истеъмолчи кутубхонаси” республикамизда биринчи шу номда бунёд этилган кутубхона бўлганлиги билан тарихда қолган бўлса, Риштонда бунёд этилган бино “Истеъмолчилар уйи” сифатида республикада биринчи бўлди. Водилда фойдаланишга топширилган ҳамда туман жамияти, “Истеъмолчи кутубхонаси” ва иккинчи қавати тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун мослаштирилган “Истеъмолчилар уйи” комплекси ҳам амалга оширилган лойиҳалар ичида биринчи икки қаватли бино сифатида тарихда қоладиган бўлди.
– Федерациянинг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлган истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш борасида 2019 йилда қандай ишлар амалга оширилди? Шу тўғрисида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.
– 2019 йил мобайнида тизимимиздаги ташкилотларга истеъмолчилардан 762 та мурожаатлар қабул қилиб олиниб, шуларнинг 485 таси ёзма, 208 таси оғзаки ва 10 таси электрон шаклда келиб тушди. Юқоридагилардан 98 та мурожаат Федерациянинг 1091 ягона қисқа рақамли ишонч телефони, 7 таси Бош прокуратура, 6 таси Халқ қабулхонаси, 43 таси Президент ишонч телефони, 9 таси Президент веб-сайти, 1 таси Президент почтаси орқали қабул қилиб олинган мурожаатлардир.
Мурожаатларнинг 182 тасида савдо соҳаси, 138 тасида газ таъминоти, 153 тасида электр энергияси таъминоти, 88 тасида сув таъминоти, 61 тасида коммунал соҳа бўйича, 3 тасида соғлиқни сақлаш бўйича, 50 тасида хизмат кўрсатиш (сервис) соҳаси, 29 тасида транспорт бўйича, 15 тасида алоқа (ва интернет) соҳаси, 44 тасида эса бошқа соҳалардаги шикоят ва аризаларни ўзида мужассам этган. Шундан 752 тасини тўлиқ ўрганиб ҳал қилиб берилишига эришилди, уларнинг 10 таси эса муддатлари доирасида жамиятлар томонидан ўрганилмоқда. Натижада истеъмолчилар фойдасига 673 млн 580 минг 474 сўм маблағ ҳал этиб берилди. 21 та мурожаатни ҳал қилинишида назорат қилувчи органлар ёрдамига суянган бўлсак, 15 та мурожаат судга мурожаат қилиш орқали ҳал этилди. Натижада 39 млн 176 минг 620 сўм назорат қилувчи идоралар, 15 млн 452 минг 563 сўм маблағ суд идоралари ёрдами билан истеъмолчилар фойдасига ҳал этиб берилди.
Ўтган йилда жами 824 нафар истеъмолчилар “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналаридан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар олдилар. 1127 нафар фуқароларнинг муаммолари ва уларни қизиқтирган масалалар тизим раҳбарларининг аҳоли (истеъмолчилар) билан мулоқотлари доирасида ҳал қилинди.
– Жорий йил режалари хусусида ҳам гапириб ўтсангиз.
– Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси эълон қилиниб, 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилингач жорий йил режаларимизни яна бир бор қайта таҳлил қилиб чиқдик. Бу борадаги режаларимиз ҳудудий бирлашма Кенгашининг жорий йилдаги биринчи йиғилишида ҳам муҳокамадан ўтказилди.
Кун тартибимиздаги асосий масалалардан бири, албатта, билимли, малакали кадрларни етиштириш, уларни ўрни-ўрнига қўйиш, ўз ишига бўлган муносабатини янада яхшилаш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўлиб қолаверади. Илло режалаштирилган ишларни шулар амалга оширади. Режадаги ишларнинг кўзда тутилган даражада ва савияда амалга оширилиши ҳам уларга боғлиқдир. Иккинчи асосий масалалардан бири бу фаол жамоатчилар ёки волонтёрлар билан ишлаш масаласидир. Мамлакатимизда бу борада етарли даражада тажриба мавжуд бўлсада, бугунги кун талаблари, бу борада илғор давлатлар эришган ютуқларни ўрганиб чиқиб, амалиётга жорий қилишимиз керак бўлади. Олиб бораётган ишларимиз йўналишида жамоатчиликнинг фаол бўлиши эса бизга жуда катта суянчиқ бўлади. Демак ёшлар билан ишлаш, уларни истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатига фаол жалб қилиш масаласи кун тартибимизнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолаверади. Шунинг билан биргаликда кекса авлод вакиллари билан ишлаш, уларни истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатида фаол иштирок этишлари масаласига ҳам янгича ёндашувлар устида бош қотиришимиз керак. Зеро улар жамоатчилик назоратининг энг кучли субъектларидандирлар.
Бугунги кунда интернет технологиялари шу қадар илгарилаб, жамият ҳаётининг барча соҳаларига шу қадар сингиб кетдики, уларсиз кундалик ҳаётимизни тасаввур ҳам қила олмаяпмиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, тарғибот-ташвиқот ишларимизда ана шу технологиялардан кенг фойдаланишимиз керак. Жорий йилда ҳудудий бирлашманинг istemolchi-info.uz сайти ҳамда facebook, telegram, twitter, instagram ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларини ва youtube канали фаолиятини янада жонлантиришни режалаштириб турибмиз.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment